(94) Айт: «Агар Аллоҳнинг ҳузуридаги охират ҳовлиси бошқа одамларсиз холис сизга бўладиган бўлса, гапингизда ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг».
(95) Улар қўллари тақдим қилган нарсалар сабабидан, уни абадий, ҳеч-ҳеч орзу қилмаслар ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчи зотдир. (Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлинса, ушбу услуб ишлатилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.)
(96) Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суяди. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармайди. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир.
(97) Жиброилга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди. («Жиброилга душман бўлганлар»–яҳудийлардир. Улар Жиброил фаришта алайҳиссаломни ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, «Улар: «Ҳар бир Пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?» дедилар. У киши: «Жиброил алайҳиссалом», дедилар. Улар: «Жиброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингда, яхши бўларди», дедилар.)
(98) Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, Пайғамбарларига, Жиброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир.
(99) Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни туширдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирадир.
(100) Ҳар қачон аҳд қилишсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими?! Йўқ! Уларнинг кўплари иймон келтирмаслар.
(101) Улардаги нарсани тасдиқлаб, Аллоҳнинг ҳузуридан уларга Пайғамбар келса, китоб берилганлардан бир гуруҳи, худди билмагандек, Аллоҳнинг китобини ортларига қараб отдилар. («Аллоҳнинг китоби» Таврот бўлиши мумкин, чунки унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келишлари башорати бор. Тавротнинг башоратини тан олмаганларни китобни орқаларига қараб отиш деб васф этилмоқда. Айни чоқда, у китоб Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин, чунки яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.)