(53) Эй Роббимиз! Сен туширган нарсага иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», дедилар
(54) Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам макр қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг «зўри»дир. (Бани Исроил Ийсо алайҳиссаломни хочга осишни ва ўлдиришни хоҳлаб, қўлларидан келган макр-ҳийлаларни қилдилар. Аллоҳ эса у кишини қутқаришни ва Ўзига кўтаришни ирода қилди. Аллоҳнинг тадбири амалга ошди. Маккор яҳудийларнинг ҳийласи ўтмади.)
(55) Аллоҳ: «Эй Ийсо, Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман ҳамда куфр келтирганлардан сени покловчиман ва қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қўювчиман. Сўнгра қайтиш жойингиз Ўзимга, бас, ихтилоф қилган нарсаларингиз бўйича орангизда Ўзим ҳукм чиқараман», деганини эсла!
(56) Бас, куфр келтирганларни бу дунёю у дунёда шиддатли азоб ила азоблайман. Уларга ёрдам берувчилар йўқдир.
(57) Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг ажрини тўлиқ беради. Ва Аллоҳ золимларни хуш кўрмас.
(58) Бу сенга тиловат қилиб бераётганимиз оятлар ва ҳаким эслатмадандир.
(59) Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, бўлди. (Аҳли китоблар Одам алайҳиссаломнинг тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу ҳақда ҳеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ ердан Одам алайҳиссаломни яратган зот Ийсо алайҳиссаломни тирик юрган Марямдан отасиз ҳолда ярата олмайдими?! Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодир эканлигига ишонган эси бор одам бўлса, албатта бунга иқрор бўлади.)
(60) Бу ҳақиқат Роббингдандир, бас, шак келтирувчилардан бўлма.
(61) Сенга келган илмдан кейин, ким сен билан у ҳақида тортишса: «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айтгин. ( Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида тортишган вақтда нозил бўлган. Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни, болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди.)