(53) Бундай бўлиши Аллоҳ бир қавмга берган неъматини токи улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зот бўлганидандир.
(54) Худди Оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишига ўхшаб, Роббиларининг оятларини ёлғонга чиқардилар. Бас, Биз уларни гуноҳлари туфайли ҳалок қилдик ва Оли Фиръавни ғарқ қилдик. Ҳаммалари золим эдилар.
(55) Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ҳайвоннинг ёмони куфр келтирганларидир. Бас, улар иймон келтирмаслар. (Иймон бўлмаган жойда яхшилик қаердан бўлсин. Яратган холиққа–Аллоҳга ишонмай юрган одамдан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин. Бундай одам иймонсиз–кофир бўлгани учун ҳайвондан ҳам паст даражага тушиб қолади. Тушганда ҳам, Аллоҳнинг ҳузурида тушади. Бу эса, ҳар қандай инсон учун бадбахтликдир.)
(56) Улардан сен аҳдлашганлар сўнгра ҳар сафар аҳдларини бузарлар ва улар (Аллоҳдан) қўрқмаслар. (Бу қилмишлари билан яна бир инсонийлик хусусиятларини йўқотадилар. Яъни, аҳдда туриш инсонни ҳайвондан ажратадиган хусусиятларидан бири саналади. Кофирлар аҳдни бузиш билан шу сифатни ҳам йўқотдилар. Бу қилмишларига бош сабаб уларнинг Аллоҳдан қўрқмасликларидир.)
(57) Агар урушда улардан зафар қозонсанг, бас, уларни ҳалок қилиш билан ортларидагиларни сарсон қилиб қўй, шоядки эсласалар.
(58) Агар бир қавмнинг хиёнатидан қўрқадиган бўлсанг, уларга тенгма-тенг (аҳд бузилганини) ўртага ташла. Албатта, Аллоҳ хоинларни севмас. (Яъни, бирор кофир қавм билан аҳдлашган бўлсанг, аммо содир бўлаётган гап-сўз ва тасарруфлардан, баъзи бир маълумотлардан аҳдга хиёнат қилаётганларини билиб қолсанг, уларга аҳд икки томондан баробар бузилганини билдир. Аҳдга ишониб, хотиржам турган томонга ёмонлик қилиш хоинлик бўлади.)
(59) Куфр келтирганлар ўздик деб ўйламасинлар. Улар ҳеч қочиб қутула олмайдилар.
(60) Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас. (Ушбу оят мусулмон жамиятининг қуролли кучлари доимо шай туриши лозимлигига далилдир. Ҳар бир мусулмон жамият қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиш билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади.)
(61) Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.