(96) Хушхабарчи келган чоғида у(кўйлак) ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди. У: «Сизларга мен, Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!» деди.
(97) Улар: «Эй отамиз, гуноҳларимиз учун истиғфор айт. Албатта, биз хатокорлардан бўлган эканмиз», дедилар.
(98) У: «Сизлар учун Роббимга сўнгра истиғфор айтаман. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деди. (Шундан сўнг ҳаммалари Яъқуб (а. с.) бошчиликларида юртлари Канъондан Мисрга қараб йўлга тушдилар. Қуръони Карим уларнинг сафарлари ҳақида ҳеч нарса демайди. Балки сўзни улар Юсуф (а. с.) ҳузурларига киришлари саҳнасидан улаб кетади.)
(99) Юсуф ҳузурига кирган чоғларида у отаси ва онасини ўзига яқинлаштирди ва: «Аллоҳнинг хоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар!» деди.
(100) Ва ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Бу ояти каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Бу ҳол қандай бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо қадимги тафсирчиларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, салом маъносида бошларини бир оз эгдилар, дейдилар. Бошқалари, берилган бу неъмат учун Аллоҳга шукр саждаси қилдилар, дейдилар. Яна бирлари, ўша вақтда катталарнинг оёғига йиқилиб сажда қилиш бор эди, лекин Ислом шариатида бекор қилинган, деган фикрни айтганлар.)
(101) Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин», деди. (Ушбу оятда Юсуф (а. с.) Аллоҳ таолога неъматларини бергани учун шукрлар айтиш билан бирга охиратнинг неъматини ҳам беришини сўрамоқдалар.)
(102) Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг.
(103) Одамларнинг кўплари, гарчи сен жуда қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) қавмларига яхшиликни раво кўрганларидан, иймонга келишларини жуда қаттиқ истар эдилар. Шунга ҳаракат ҳам қилар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло бу уриниш уларнинг иймонга келишларига сабаб бўла олмаслигини билдирмоқда.)