(174) Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила, уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. (Улар Аллоҳга таваккал қилиб, Уни ўзларига кофий вакил билиб чиққан эдилар. Бас, бу урушдан зиён кўрмасдан, Аллоҳнинг неъмати, фазли ва розилигига сазовор бўлган ҳолда қайтдилар.)
(175) Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитади. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар. (Яъни, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар, деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз яқинларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганларни сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.)
(176) Куфрга ошиқаётганлар сени хафа қилмасин. Албатта, улар ҳаргиз Аллоҳга бирор зарар етказа олмаслар. Аллоҳ уларга охиратда насиба қилмасликни хоҳлайдир. Уларга улкан азоб бордир.
(177) Албатта, куфрни иймонга сотиб олганлар Аллоҳга ҳаргиз бирор зарар етказа олмаслар. Уларга аламли азоб бордир.
(178) Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз. Уларга хорловчи азоб бордир.
(179) Аллоҳ мўминларни сиз турган ҳолда, покидан нопокини ажратмасдан қўйиб қўймас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарларидан кимни хоҳласа, танлаб олади. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларни мунофиқларга аралаш бўлиб юраверишларига қўйиб қўймаслигини, балки ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиб олишни айтмоқда. Одатда, бундай пайтларда синов, имтиҳон усули ишга солинади. Уҳуд уруши ҳам ана шундай: покни нопокдан, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиб олиш учун синов, имтиҳон бўлди.)
(180) Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. (Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.)