(147) Агар сени ёлғончига чиқарсалар: «Роббингиз кенг раҳмат соҳибидир, аммо Унинг азоби жиноятчи қавмлардан қайтарилмас», деб айт.
(148) Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», дерлар. Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб турганлар. Сен: «Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм–ҳужжат борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасиз» - деб айт. (Яъни, Аллоҳ сизларнинг ширк келтиришингизни, баъзи нарсаларни ҳаром деб эълон қилишингизни хоҳлаганини исбот қиладиган ҳужжатингиз борми? Аллоҳ Ўз бандаларидан нимани хоҳласа, очиқ-ойдин айтиб қўйган. Бандалар иймон келтиришни хоҳлаганлари учун, иймон келтиринглар, деган. Кофир-мушрик бўлишларини хоҳламагани учун, куфр келтирманглар, мушрик бўлманглар, деб қатъий ҳукм этган. Шунингдек, бандалари нимани қилишини хоҳласа, амр, нималарни қилмаслигини хоҳласа, наҳий қилиб қайтариб қўйган. Аллоҳнинг хоҳиши ҳаммаси очиқ-ойдин, илмий собит нарсалардир. Аллоҳнинг хоҳиши ичида, ширк келтиринг, баъзи нарсаларни ҳаром қилинг, деган хоҳиш йўқ. Ёки, менинг ғойиб, ҳеч ким билмайдиган хоҳишларимни излаб топиб, ўшанга амал қилинг, дегани ҳам йўқ.)
(149) Сен: «Етук ҳужжат Аллоҳнинг Ўзидадир. Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди», деб айт. (Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат соҳиби қилиб яратилдилар. Лекин одамларни хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, ҳидоятга юрадиган қилиб яратишдан нима фойда бор? Аллоҳ таоло одамларга ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди, ақл-идрок берди ва хоҳлаган йўлини танлаш ихтиёрини берди. Ана ўша ихтиёрга қараб жазо ёки мукофот олади. Мушрик ва кофирлар ана ўша ёмон–залолат йўлини танлаганлардир. Улар ўша ихтиёрлари учун жазоларини оладилар.)
(150) Сен: «Аллоҳ мана шуни ҳаром қилганига гувоҳлик берадиган гувоҳларингизни келтиринг», деб айт. Бас, агар гувоҳлик берсалар, сен улар ила гувоҳлик берма. Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарувчиларнинг ва охиратга иймон келтирмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма. Улар Роббиларига ширк келтирурлар.
(151) Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз.»- деб айт.