(69) Ўзингиздан аввалгиларга ўхшайсиз. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, молу дунё ва бола-чақалари кўпроқ эдилар. Бас, ўз насибалари ила маза қилдилар, ўзингиздан олдингилар насибалари ила маза қилганларидек, сиз ҳам ўз насибангиз ила маза қилдингиз. Улар шунғигандек, сиз ҳам шунғидингиз. Ана ўшаларнинг амаллари дунёю охиратда ҳабата бўлди. Ана ўшалар, ўзлари зиён кўргувчилардир.
(70) Уларга ўзларидан олдин ўтганларнинг, Нуҳ, Од, Самуд қавмининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян эгаларининг ва тўнтарилган(қишлоқ)ларнинг хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди. Лекин улар ўзларига зулм қилар эдилар. (Кофир ва мунофиқлар Нуҳ қавмини тўфон босиб ҳалокатга учратганини ҳам, Од қавмини қаттиқ ўт шамол ҳалок қилганини ҳам, Самуд қавмини қаттиқ қичқириқ яксон этганини ҳам, Иброҳим алайҳиссалом ўзи қутулиб қолиб, қавмлари қандай ҳалок бўлганини ҳам, Мадян эгаларини зилзила олганларини ҳам, Лут алайҳиссаломнинг қавми қишлоқлари қандай тўнтарилиб, жинояткор аҳолисини босиб қолганини ҳам яхши билишар эди. Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжат билан келганида, уларни ёлғончига чиқариб, бошларига ўша мусибатлар тушганини ҳам яхши билишарди. Шу қилмишлари билан улар ўзларига ўзлари зулм қилдилар. Бўлмаса, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди.)
(71) Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда.)
(72) Аллоҳ мўмин эр ва мўмина аёлларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир. (Кофир ва мунофиқларни жаҳаннам кутиб турган бўлса, мўмин ва мўминаларни ажойиб жаннатлар кутиб турибди. Кофирлар ва мунофиқлар дўзахда абадий азоб чексалар, мўмин ва мўминалар жаннатда абадий маза қиладилар. Уларнинг доимий истиқомат қиладиган жаннатларида покиза масканлар кутиб турибди. Лекин бу мўмин ва мўминаларга берилган мукофотнинг охирги даражаси эмас. Уларга бериладиган мукофотнинг энг улуғи Аллоҳнинг розилигидир. Бу мукофотнинг олдида жаннатлар ва уларнинг битмас-туганмас неъматлари ҳам ҳеч гап бўлмай қолади.)