(105) Сизларга оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сиз уларни ёлғонга чиқарган эмасмидингиз?! (Шунда улар ўз айбларига иқрор бўладилар.)
(106) Улар: «Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз.
(107) Эй Роббимиз, бизни бу (дўзах)дан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз«, дерлар.
(108) У зот: «У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!
(109) Аниқки, Менинг бандаларимдан бир гуруҳи: «Эй Роббимиз, Биз иймон келтирдик. Бизни мағфират қилгин. Бизга раҳм қилгин. Сенинг Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан», деган эдилар.
(110) Бас, сиз уларни масхара қилдингиз. Ҳаттоки улар (ни масхара қилиш) сизга Менинг зикримни унуттирди. Сиз улардан кулар эдингиз.
(111) Албатта, Мен бугун уларни сабр қилганлари учун мукофотладим. Албатта, улар ўзлари ютуққа эришгувчилардир.
(112) У зот: «Ер юзида неча йил қолдингиз?» деди.
(113) Улар: «Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик. Ҳисобловчилардан сўра», дедилар.
(114) У зот: «Агар билсангиз, жуда оз қолдингиз, холос», деди. (Энди кўрадиган кунингизга нисбатан жуда оз қолдингиз.)
(115) Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?! (Эй мушриклар, наҳотки Биз сизни беҳудага яратган бўлсак? Наҳотки сиз охиратда бизга қайтарилмасангиз?!)
(116) Бас, ҳақ подшоҳ Аллоҳ юксакдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар у–карамли Аршнинг Робби бор.
(117) Ким Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилса, бу хусусда ҳеч бир далили йўқдир. Бас, унинг ҳисоби фақат Роббининг ҳузуридадир. Албатта, кофирлар нажот топмаслар. (Аллоҳга бошқа илоҳни шерик этганлар, ҳеч бир далил-ҳужжатсиз ширк келтирган бўладилар. Ундоқ одамлар билан Аллоҳ таоло Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Суранинг аввалида мўминларнинг, албатта, нажот топишлари айтилган эди. Суранинг охирида эса, кофирларнинг нажот топмасликлари таъкидланмоқда. Ва ниҳоят, охирги оятда Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўраш тавсия қилинмоқда.)
(118) Сен: «Эй Роббим, мағфират қил, раҳм қил. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан», деб айт.