(6) Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар.
(7) Исломга даъват қилиниб турганда Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми? Ҳолбуки. Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас. (Яъни, инсон Исломга даъват қилинса, икки дунёнинг саодатига эриштирувчи динга чақирилса, уни хурсандлик билан қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиса, ҳақиқатдан у дунёдаги энг ашаддий золим ҳисобланади. Ундайларнинг Аллоҳ таолога нисбатан тўқиган ёлғонлари турлича бўлади.)
(8) Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир. ( Ислом динини йўқ қилиш учун уринувчиларнинг ҳаракати қуёшнинг шуъласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди.)
(9) У зот, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам.
(10) Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирувчи тижоратга далолат қилайми?
(11) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Шундоқ қилмоқларингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир.
(12) Ана шунда, У зот гуноҳларингизни кечирур ва сизларни адн жаннатидаги остидан анҳорлар оқиб турган боғларга ва яхши масканларга киритур. Бу улуғ ютуқдир.
(13) Ва сизлар яхши кўрадиган бошқаси ҳам бор. Аллоҳдан ёрдам ва яқин зафар. Ва мўминларга башорат бер. (Ушбу оят Қуръони каримнинг ғойибдан берган хабарларидан бўлиб, улкан мўъжиза ҳамдир. Чунки у Маккаи Мукаррама фатҳ этилишидан аввал тушган. Бундан бир оз вақтдан кейин Аллоҳ таоло ушбу оятда берган ваъдаси устидан чиқди. Аллоҳнинг ёрдами бўлиб, Макка мусулмонлар қўлига ўтди. Сўнг тезда бутун Арабистон ярим ролига Ислом дини тарқалди.)
(14) Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Худди Ийсо ибн Марям ҳаворийларга: «Ким Аллоҳ учун менинг ёрдамчим» деганида, ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз», деганларидек. Бас, Бани Исроилдан бир тоифа иймон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз иймон келтирганларни душманлари устидан қўллаб-қувватладик. Ва улар ғолиб бўлдилар. (Ҳаворийлар Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдлари, у кишига яқин одамлардир. Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни Ислом динига хизмат қилишга чақирмоқда ва бу хизматни Аллоҳга ёрдамчи бўлиш, деб атамоқда.)