(46) Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. (Ҳа, молу мулк, бола-чақа бу дунёнинг зийнатидир, аммо қиймати эмасдир. Исломда зийнатга ҳам ҳалол-пок бўлиш шарти ила изн берилган. Аммо зийнатлар ҳаёт қадрини ўлчовчи қийматга айлантирилмаган. Зийнатга зийнат деб қаралган. Исломда боқий қолувчи солиҳ амаллар қиймат саналади. Инсонга унинг иймони ва яхши амалига қараб қиймат берилади.)
(47) Тоғларни юргизадиган ва ерни яп-яланғоч кўрадиган кунда. Ўшанда уларни жамлаймиз ва бирон кишини қўймаймиз.
(48) Ва Роббингга сафга тортилган ҳолларида рўбарў қилиндилар. «Батаҳқиқ, сизларни аввал қандай яратган бўлсак, шундай Бизга келдингиз. Аммо сиз Бизни ҳеч жой ва вақт ваъда қилганимиз йўқ, деб ўйлар эдингиз», (дейилди). (Яъни, онадан янги туғилгандай ҳолда қайта тирилиб ҳузуримга келдингиз. Молу дунёнгиз, бола-чақангиз, хизматчи-мардикорингиз, мансаб-амалингиз ва дўст-ёрингиз у дунёда қолиб кетди. Ваъда қилинган қиёмат кунига, маҳшардаги тўпланиш жойига ишонмас эдингиз. Мана, ваъда қилинган ўша вақт–қиёмат куни қойим бўлди. Мана, ваъда қилинган ўша жойда–маҳшарда саф тортиб турибсиз. Энди сизга ваъда қилинган жазоларни берамиз.)
(49) Ва китоб қўйилди. Бас, жиноятчиларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасан. Улар: «Вой, шўримиз қурисин. Бу қандай китоб, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай ҳисоб қилибди-я», дерлар. Ва қилган амалларини ҳозир ҳолда топдилар. Роббинг ҳеч кимга зулм қилмас.
(50) Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир.
(51) Мен уларни на осмонлару ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилмаганман ва адаштиргувчиларни ёрдамчи қилиб олган эмасман.
(52) У зот: «Сизлар Менинг шерикларим, деб ўйлаганларингизни чақиринг», деган кунида уларни чақирдилар. Бас, улар жавоб бермадилар ва уларнинг орасига ҳалокатгоҳ қилмишмиз.
(53) Жиноятчилар дўзахни кўрурлар ва, албатта, унга тушувчи эканларига ишонарлар ва ундан қочар жой топмаслар. (Аллоҳнинг тайёрлаб қўйган дўзахидан қочиб бўладими? Бу жойдан қочиш фурсатини у дунёда бой берганлар. Ёруғ дунёда иймон ва Исломда яшаганларида, бу жойдан нажот топардилар. Ёруғ дунёда Қуръонга эргашганларида, дўзахдан сақланган бўлардилар.)