(103) Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин араб тилидадир. (Қадимги Қурайш кофирлари, Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди, деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил сўнги кофирлар, Муҳаммад катта олимларни тўплаб Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, мана менга осмондан китоб тушди, деб даъво қилди, дейишди. Ушбу уйдирмани уялмай-нетмай дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмаси ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди. Кофир бўлгандан кейин шу экан-да!)
(104) Албатта, Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларни Аллоҳ ҳидятга солмас ва уларга аламли азоб бордир.
(105) Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир.
(106) Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно, ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор. (Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир (р. а.) ва у кишининг оталари Ёсир (р. а.) ҳамда оналари Сумаййаларни (р. а.) ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййанинг (р. а.) икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсирни (р. а.) ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон–эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ (с. а. в.): «Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.)
(107) Бу уларнинг дунё ҳаётини охиратдан устун қўйганлари сабабидандир. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят этмас.
(108) Ана ўшаларнинг қалблари, қулоқлари ва кўзларига Аллоҳ муҳр босгандир. Ана ўшалар ғофиллардир.
(109) Ҳеч шубҳа йўқки, охиратда улар зиён кўргувчилардир.
(110) Сўнгра, албатта, Роббинг фитнага учраганларидан кейин ҳижрат этиб, жиҳод қилган ва сабр этгани учун, албатта, Роббинг шулардан кейин мағфиратли ва раҳмлидир.