(39) Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир. (Демак, кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган. Мусулмонлар ҳужумга ва зулмга учраганлар. Энди улар ўзларини ҳимоя қилмасалар, бўлмайди. Кофирлар уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин. Мусулмонлар урушга кирсалар, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир.)
(40) Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир.
(41) Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарарлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир. (Ояти каримадаги «Уларга ер юзида имкон берсак» жумласидан «макон берсак» маъноси ҳам тушунилади. Бунга қўшимча «ер юзида нусрат, ғалаба берсак» маънолари ҳам чиқади. Диёрларидан «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун чиқарилган мусулмонларга ер юзида макон, нусрат, ғалаба–имкон берсак: Ховлиқиб кетмайдилар, балки Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладилар, у билан боғланишни кучайтирадилар. Аллоҳ хоҳлаган оқибатини келтириб чиқаради. Хоҳласа, мағлубиятни ҳам ғалабага айлантириб юборади.)
(42) Агар сени ёлғончи қилаётган бўлсалар, бас, булардан олдин Нуҳ қавми, Од ва Самуд ҳам ёлғончи қилган эдилар.
(43) Иброҳим қавми, Лут қавми.
(44) Мадян эгалари ҳам. Ва Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бердим, сўнгра уларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?! (Албатта, ўта шиддатли бўлди. Ўта қўрқинчли бўлди. Ўша кофир, жиноятчи, Пайғамбарларини ёлғончига чиқарган қавмларнинг баъзиларини тўфон азоби тутди. Баъзиларини ер ютди, зилзила ва бошқа азобларга дучор бўлдилар.)
(45) Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳалок этдик. Бас, улар (ҳозирда) шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, (ҳувиллаган) юксак қаср (ҳолидадир).
(46) Ахир, ер юзида айланиб юрмайдимиларки, уларга ақл этадиган қалблар, эшитадиган қулоқлар бўлсин. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксилардаги қалблар кўр бўлур. (Ўша кофирлар ер юзида айланиб юрганларида, ўтган кофирлардан қолган асарларни кўрар эдилар. Уларни кўриб, тафаккур қилганларида қалблари таъсирланиб, ақллари кирар эди. Одамлардан ўтган золим кофир қавмлар нима учун ва қандай қилиб ҳалокатга учраганлари ҳақидаги ривоятларни эшитар, улардан ибрат олар эдилар.)