(38) У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз.
(39) Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди.
(40) Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва иймон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди. (Нуҳ (а. с.) оиласидан ҳалок бўлишга сўз кетиб қолганлар–хотини билан бир ўғли. Уларни кемага олмасликни амр қилинди. Ҳа, Нуҳ (а. с.) узоқ вақт–эллик санаси кам минг йил даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмнинг озгинасидан бошқаси иймонга келмади. Шу сабаб ила бу тузалмас дардисарларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.)
(41) Ва у: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди.
(42) Ва у(кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. (Нуҳ (а. с.) ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг, ўғиллардан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Даҳшатли тўфондан-да оталик меҳрлари устун келиб: «»бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди»лар.)
(43) У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайдир», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва у(ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. (Кофир бўлгандан кейин қийин экан. Улуғ Пайғамбар бўлмиш отанинг гапини эшитиб туриб ҳам, бостириб келаётган даҳшатли тўфонни кўриб туриб ҳам: «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди.)
(44) «Эй ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. Ҳамда «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди.
(45) Нуҳ Роббига нидо қилиб: «Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. (Яъни, бу билан Нуҳ (а. с.), эй Роббим, сен менга аҳлингни қутқараман, деб ваъда берган эдинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи зотсан, демоқчилар.)