(34) Ва уйларининг эшикларини ҳам, устида ёнбошлаб ётадиган сўриларини ҳам (кумушдан қилиб қўяр эдик).
(35) Ва зебу зийнату безакларни ҳам. Буларнинг ҳаммаси ҳаёти дунёнинг матоҳидан бошқа нарса эмас. Охират эса, Роббинг наздида тақводорлар учундир.
(36) Ким Роҳманнинг эслатмасидан шабкўр бўлиб олса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у унга доимий ҳамроҳ бўлур.
(37) Албатта, у(шайтон)лар йўлдан тўсурлар ва улар ўзларини шак-шубҳасиз ҳидоят топгувчилардек ҳисобларлар.
(38) Токи ҳузуримизга келганда: «Қани энди мен билан сенинг оранг мағриб ила машриқчалик узоқ бўлса эди. Бас, сен нақадар ёмон ҳамроҳсан», дер. (Аллоҳнинг зикридан шабкўр бўлиб олган ғафлатда юра-юра, бир куни қиёмат қоим қўпиб: «ҳузуримизга келганда», ҳақиқатни англайди ҳамма бало шайтон билан яқинлиги натижаси эканлигини тушуниб етади.)
(39) Зулм қилганингиз учун бугунги кунда азобга шерик бўлишингиз ҳам ҳеч фойда бермас.
(40) Сен карларга эшиттира олармидинг ёки кўрларни ва очиқ-ойдин залолатда бўлган кимсаларни ҳидоятга сола олармидинг?!
(41) Агар сени кетказсак ҳам, албатта, Биз улардан интиқом олурмиз.
(42) Ёки Биз уларга ваъда қилинган нарсани сенга кўрсатурмиз. Бас, албатта, Биз уларга (азоб беришга) қодирмиз.
(43) Бас, ўзингга ваҳий қилинган нарсани маҳкам тут! Албатта, сен тўғри йўлдасан.
(44) Албатта, у(Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар.
(45) Сендан олдин Биз юборган Пайғамбарларимиздан сўра: Роҳмандан бошқа ибодат қилинадиган илоҳлар қилган эканмизми?! (Дунё тарихида ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳдан бошқага ибодат этишга чақирган эмас. Дунёда ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳдан бошқа илоҳга ибодат қилган ҳам эмас. Дунёда ўтган ҳамма Пайғамбарлар фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таологагина ибодат қилганлар ва одамларни ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишга чақирганлар.)
(46) Батаҳқиқ, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ила Фиръавнга ва унинг аъёнларига юбордик. Бас, у: «Албатта, мен оламлар Роббининг Пайғамбаридирман», деди.
(47) Бас, қачонки у уларга мўъжизаларимизни келтирганда, улар баногоҳ у(мўъжиза)лардан кула бошладилар.