(43) Ҳеч бир уммат ўз ажалидан олдин ҳам кетмас, ортда ҳам қолмас.
(44) Сўнгра Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик. Ҳар қачон бир умматга ўз Пайғамбари келса, уни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз ҳам уларни баъзилари ортидан баъзиларини (ҳалокатга) эргаштиравердик ва уларни гапу сўзга айлантирдик. Бас, даф бўлсин иймон келтирмайдиган қавмлар!
(45) Сўнгра биз Мусо ва биродари Ҳорунни оятларимиз ва очиқ ҳужжат ила юбордик.
(46) Фиръавн ва унинг аъёнларига. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва ўзини юқори қўйган қавм бўлдилар.
(47) Бас, улар: «Ўзимизга ўхшаган икки башарга иймон келтирамизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми бизга қуллик қилгувчи бўлиб турибди-ку?! « дедилар. (Яъни, қандай қилиб ўзимизга ўхшаган, қўлимизда қул бўлиб турган Бани Исроил қавмининг икки одамига Пайғамбар деб иймон келтирамиз, дедилар.)
(48) Бас, икковларини ёлғончи қилдилар ва ҳалок қилинганлардан бўлдилар.
(49) Батаҳқиқ, Биз, шоядки, ҳидоят топсалар, деб Мусога Китобни берган эдик.
(50) Ибн Марямни ва унинг онасини оят-аломат қилдик ва икковларини оқар сувли қароргоҳ тепаликка жойладик. (Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни Аллоҳ Ўз қудратига далолат қилувчи мўъжиза-аломат ўлароқ юборди ва Байтул Мақдис еридан оқар суви бор, бир тепаликка жойлади.)
(51) Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман.
(52) Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир. Мен эса, Роббингизман. Бас, Менгагина тақво қилинг. (Эй Пайғамбарлар, сизнинг динингиз Исломдир. Роббингиз бўлган Аллоҳга тақво қилинг.)
(53) Бас, улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар. (Пайғамбарлар бир динда бўлган эдилар. Аммо улардан кейингилар ягона динни турли фирқаларга парчалаб юбордилар.)
(54) Бас, сен уларни ғафлатларида бир муддат қўйиб қўй.
(55) Улар Бизнинг ўзларига молу дунё ва фарзандлар ила мадад бераётганимизни.
(56) Уларга яхшиликларни тезлатишимиз, деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Улар сезмаслар.
(57) Албатта, Роббиларидан қўрқиб хавфда турувчилар.
(58) Ва Роббилари оятларига иймон келтирадиганлар.
(59) Ва Роббиларига ширк келтирмайдиганлар.