(84) Сен: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботларга туширилган нарсага, Мусо, Ийсо ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик, улардан бирортасини ажратмаймиз ва биз Унгагина мусулмонмиз!» деб айт! («Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботларга туширилган нарсага». Яъни, саҳифа ва ваҳийларга иймон келтирдик. «Асбот» дегани Яъқуб алайҳиссаломнинг авлодлари, деганидир.)
(85) Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир. (Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлган ягона Ислом динининг охирги ва мукаммал кўриниши Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган ҳақиқий Ислом динидир. Энди ундан бошқа динни истаб, ўша бошқа динда юрганлардан у динлари ҳаргиз-ҳаргиз қабул қилиб юрилмайди. Улар охиратда зиён кўрувчилар бўлади. Аллоҳ уларни ҳидоятга солмайди, балки лаънатлайди.)
(86) Аллоҳ иймонидан, Пайғамбарнинг ҳақлигига гувоҳлик берганидан ва уларга очиқ баёнотлар келганидан кейин куфр кетган қавмни қандай қилиб ҳидоятга солади. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас.
(87) Ана ўшаларнинг жазоси, уларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлишидир. (Бундай лаънатга қолиш катта бадбахтлик эмасми?! Бу дунё-ю у дунёнинг барча-барчасидан бўладиган лаънатни ўзига қаратиш–жуда ҳам улкан жазо! Дарҳақиқат, Исломга кириш имкони бўлиб туриб кирмаганлар шундай жазога лойиқдирлар.)
(88) Унда абадий қолурлар. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга назар ҳам солинмас.
(89) Магар шундоқ бўлгандан кейин тавба қилиб, яхши амалларни қилганлар бўлса, бас, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир.
(90) Албатта, иймонларидан кейин куфр келтириб, сўнгра куфри зиёда бўлганларнинг тавбаси ҳеч-ҳеч қабул қилинмас. Ана ўшалар адашганлардир.
(91) Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтин фидо қилса ҳам, асло қабул қилинмас. Ана ўшаларга аламли азоб бор. Ва уларга ёрдамчилар йўқ. (Имоми Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Пайғамбар алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадиси шарифларни ривоят қилганлар: «Қиёмат куни дўзах аҳлларидан бирига: «Агарчи ер юзи тўла нарсанг бўлганда, ўзингни қутқазишга фидо қилармидинг?» дейилади. У, ҳа, дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Мен сендан ундан кўра озроқ нарса сўраган эдим. Отанг Одамнинг зоҳиридалигингда Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингга аҳд олган эдим. Сен бўлсанг, ширк келтирдинг», дейди». Вақти ўтгандан кейин, ҳар қанча сарфланган молдан фойда йўқ. Ундай сарфлашга ҳожат ҳам йўқ. Яхшиси, молни Аллоҳ таоло рози бўладиган йўлда сарфлаш керак.)