(6) Албатта, кимнинг Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бўлса, шулар учун уларда яхши ўрнак бор эди. Лекин ким юз ўгирса, Аллоҳ беҳожат, мақталган зотдир.
(7) Шоядки, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса, Аллоҳ қодирдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир. (Аллоҳ таолодан «шоядки» калимаси содир бўлса, албатта, воқеликда содир бўлиши шарт. Бу ваъда Маккаи мукаррама фатҳ бўлиши билан амалга ошди. Мушриклар тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кирдилар ва мусулмонлар билан дўст-биродар бўлдилар. Қалбларидаги душманлик туйғулари ҳам кўтарилди.)
(8) Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир.
(9) Албатта Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир. (Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Аммо кимки мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни диёрларидан чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берса, албатта, ундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди. Бу ҳам айни адолатдир.)
(10) Эй, иймон келтирганлар! Агар сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир. Бас, мўминаликларини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг. Бу (аёл)лар уларга ҳалол эмас ва улар ҳам буларга ҳалол бўлмаслар. Ва у(кофир)ларга нафақа қилган нарсаларини (қайтариб) беринглар. Ва у(аёл)ларни никоҳлаб олсангиз, агар маҳрларини берсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас. Кофир хотинларингизни никоҳларингизда ушлаб турманглар. Нафақа қилган нарсаларингизни сўранглар, улар ҳам нафақа қилган нарсаларини сўрасинлар. Бу сизларга Аллоҳнинг ҳукмидир. Орангизда ҳукм қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматлидир. (Душман тарафдан келган ҳар бир кишини ҳам қучоқ очиб кутиб олинавермайди. Чунки, душман жосус юбориши ҳам мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло имтиҳон қилиб кўришни амр қилмоқда. Ушбу ояти карима тушгунча мусулмонлардан баъзилари мушрика хотинлари билан бирга яшаётган эдилар. Оят тушгандан сўнг уларни талоқ қилдилар.)
(11) Агар аёлларингиздан бирортаси кофирларга ўтиб кетса, урушда туширилган ўлжадан хотини кетиб қолганга, у нафақа қилган миқдорни берингиз. Ўзингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинг.