(14) Сен иймон келтирганларга айт. Аллоҳнинг кунларидан умидвор бўлмайдиганларни кечирсинлар. Токи У зот бу қавмни касб қилиб юрган нарсалари учун мукофотласин. (Эй Муҳаммад, сен мўминларга айт, улар ўзларига озор берган, келажакдаги Аллоҳнинг ҳисоб-китоб кунларидан ноумид бўлган кофирларни кечирсинлар. Бу эса, Аллоҳ таоло ўша мусулмон қавмни яхши касбларига кўра мукофотлаши учундир.)
(15) Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз.
(16) Батаҳқиқ, биз Бани Исроилга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни бердик, уларга пок нарсаларни ризқ қилиб бердик ва уларни оламлар ичида афзал қилдик. (Ўз замонасида, албатта, Бани Исроил ўзгалардан афзал бўлган. Чунки Таврот уларга туширилган, Пайғамбарлар улардан чиққан.)
(17) Ва Биз уларга (дин) иши ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар бердик. Бас, улар ўзларига илм келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилибгина ихтилофга тушдилар. Албатта, Роббинг улар орасида қиёмат куни ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқарур.
(18) Сўнгра Биз сени (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Бас, унга эргаш, билмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма. (Бани Исроилнинг иши, юқорида айтилгандек, муваффақиятсиз тамом бўлганидан сўнг биз сени Ислом шариатига йўлладик.)
(19) Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар. Ва, албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир.
(20) Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.
(21) Наҳотки ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон! (Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковиларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди?)
(22) Аллоҳ осмонлару ерни ҳақ ила, ҳар бир жон қилган касбига яраша, зулм қилинмаган ҳолида жазосини (мукофотини) олиши учун яратган.