(6) Ва ер юзида уларга имконлар беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар(Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз.
(7) Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз», деб ваҳий қилдик. (Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда иккита буйруқ –» эмизавер» ва «дарёга ташла», иккита қайтариш–«қўрқма», «хафа бўлма», иккита башорат–«уни сенга қайтарамиз» ва «Пайғамбарлардан қилгувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир. Оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.)
(8) Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар.
(9) Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.
(10) Мусонинг онасининг қалби бўшаб қолди. Мўминлардан бўлиши учун қалбини мустаҳкам боғламаганимизда, уни билдириб қўйишига сал қолди.
(11) У(она) у(Мусо)нинг опасига: «Изидан бор», деди. Бас, уни бир четдан кўрди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.
(12) Ва бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик. Бас, (опаси): «Мен сизларга уни сиз учун кафилликка оладиган ва унга насиҳатгўй бўлгувчи аҳли байтни айтиб берайми?» деди.
(13) Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши, хафа бўлмаслиги ва, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик. Лекин кўплари буни билмаслар. (Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли тадбири ила Мусо алайҳиссаломни оналарига қайтариб берди. Оятда таъкидланишича, бундан қуйидаги учта мақсад кўзланган эди: 1. Мусо алайҳиссалом ила оналарининг кўзлари қувониши. 2. Онанинг ўғли Мусо алайҳиссалом фироқи ила хафа бўлмаслиги. 3. Мусонинг алайҳиссалом оналари Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билишлари. Чунки аввал Аллоҳ таоло у аёлга, Биз уни сенга қайтаргувчимиз, деб ваъда берган эди. Ана ўша ваъдасини ҳақ ила амалга оширди. Ҳа, Аллоҳ таоло нимани ваъда қилса, уни албатта бажаради. Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом оилаларидан айрилмаган ҳолда Фиръавннинг қасрида тарбия топа бошладилар.)