(131) Улар ўзларига яхшилик етганда: «Бунга биз ҳақдормиз», дедилар. Агар уларга ёмонлик етса, Мусо ва у билан бирга бўлганлардан шумландилар. Огоҳ бўлсинларким, уларнинг шумликлари Аллоҳнинг ҳузуридан бошқа жойда эмас. Лекин кўплари билмайдилар.
(132) Улар: «Ҳар қанча оят келтириб бизни сеҳрламоқчи бўлсанг ҳам, биз сенга иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар.
(133) Бас, уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар. (Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин, деб уларга муфассал қилиб, алоҳида-алоҳида тарзда оят-белгиларни юборди. Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасидаги «Мусога тўққизта очиқ-ойдин, оят-белги бердик», дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят юборган, чунончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон. Аллоҳ таоло ҳар гал бало юборганида, Фиръавн аҳли дод-вой солишиб, тавба қилишар, жиноятларини тарк этишга ва Бани Исроилни қўйиб юборишга Мусога (а. с.) ваъда беришар эди.)
(134) Қачонки устиларига азоб тушса: «Эй Мусо, сенга берган аҳд ҳурмати, Роббингга дуо қил, агар биздан азобни кўтарсанг, албатта, сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дер эдилар.
(135) Қачонки устиларидаги азобни ўзлари етиб борадиган муддатга кўтарсак, қарабсанки, қасамларини бузиб турибдилар.
(136) Бас, улардан интиқом олдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлари ва улардан ғофил бўлганлари учун уларни денгизга ғарқ қилдик. (Аллоҳ таоло вақти-соати етганида, қоил мақом қилиб интиқом олди. Аллоҳнинг оятларини рад этиб, кофирлардан ибрат олмай, ғофил бўлганлари учун сув қаърига ғарқ бўлиб, ҳаммалари бирданига ҳалок бўлдилар. Ояти каримада, денгизга ғарқ қилдик, дейилади.)
(137) Ва хўрланиб юрган қавмни эса, Ўзимиз баракали қилган ернинг машриқию мағрибига меросхўр қилдик. Сабр қилганлари учун Роббингнинг гўзал сўзлари Бани Исроилга батамом бўлди. Фиръавн ва унинг қавми қурган нарсаларни ва улар юксалтирган нарсаларни вайрон қилдик. (Оятдаги «хўрланиб юрган қавм»дан мурод Бани Исроилдир. Фиръавн ва унинг аҳли Бани Исроил ўғлонларини ўлдириб, қизларини чўри, ўзларини хизматкор қилиб, мудом хўрлашар эдилар. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини улкан жиноятлари боисидан ғарқ этиб, ҳалок қилганидан сўнг, «хўрланиб юрган қавм»ни Ўзи баракали қилиб қўйган ернинг машриқ ва мағрибига меросхўр қилганини эслатмоқда. Энди улар хорликдан қутулиб, озод ва фаровон турмуш кечириш имконига эга бўлдилар.)