(238) Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг. (Намозни муҳофаза этиш–уларни ўз вақтида, яхшилаб, камчиликсиз ўқиш маъноларини билдиради. «Ўрта намоз» ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Лекин далилларни солиштириб кўрган уламолар «ўрта намоз»дан мурод–аср намози, деганлар. Имом Муслим қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аҳзоб урушида: «Бизни ўрта намоз, аср намозидан машғул қилдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларини ҳам, уйларини ҳам оловга тўлдирсин», деганлар.)
(239) Агар хавфда қолсангиз, юрган ва минган ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни қандоқ ўргатган бўлса, Аллоҳни шундоқ зикр қилинг. (Одамлар кўп нарсаларни билмайдилар, Аллоҳ ўргатмаса ҳеч нарсани билмас эдилар. Шунингдек, Аллоҳ ўргатмаса, намоз ўқишни ҳам билмасдилар. Хотиржам бўлганларида, Аллоҳ қандай ўргатган бўлса, шундоқ қилиб намоз ўқисинлар.)
(240) Сизлардан вафот этганда жуфтларини қолдираётганлар, хотинлари чиқмасдан бир йилгача фойдаланишини васият қилсинлар. Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир.
(241) Талоқ қилинган аёлларга мақбул тарзда фойда бериш тақводорлар бурчидир.
(242) Аллоҳ шундай қилиб сизларга Ўз оятларини баён этади. Шоядки ақл ишлатсангиз.
(243) Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларнинг (хабарини) билмадингми?! Бас, Аллоҳ уларга, ўлинг, деди. Сўнгра уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазл қилувчидир. Лекин кўп одамлар шукр қилмаслар. (Демак, бир вақтлар катта бир қавм ўлимдан қочиб, диёрларини ташлаб чиққан эканлар. Ўлимдан қочишларининг сабаби турлича бўлиши мумкин. Балки вабо тарқалган бўлса, шундан қочишгандир. Ёки душман билан жанг қилиш керак бўлса, урушда ўлиб кетмайлик, деб қочишгандир. Мақсадларининг тескариси бўлди. «Ўлинг» деган бир оғиз сўз билан ўлиб қолишди. Демак, Аллоҳнинг қазои қадаридан қочиб бўлмас экан. Аллоҳдан ўзга қайтиб борадиган жой йўқ экан. Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган вақтида ўлдирар экан.)
(244) Аллоҳнинг йўлида жанг қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир.
(245) Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи У зот унга берганини кўп марта кўпайтириб берса. Ва ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтарилурсиз.