(164) Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кечаю кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда юриб турган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун белгилар бор. (Ушбу оятларда зикр қилинган ҳолатларни доим кўриб, уларнинг ичида яшаб юрамиз. Шу қадар кўникиб кетганмизки, алоҳида эътибор бермай қўйганмиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг борлигига катта бир далилдир. Дарҳақиқат, инсоф билан, ақлни жойига қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик-чи: осмонлару ерни ким яратган? Осмонларнинг чегарасини ҳали биров чегаралаб билгани йўқ. Ундаги бор нарсалар, ҳамма-ҳаммасини ким яратган? Аллоҳнинг борлигини инкор қилаётган худосизларми? Ёки бошқа бирорта яратувчи борми?)
(165) Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва, албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!
(166) У пайтда пешволар (ўзларига) эргашганлардан тонурлар ва азобни кўрурлар, уларнинг боғланишлари кесилур.
(167) Ва эргашганлар: «Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», дерлар. Шундай қилиб, Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат бўлганини кўрсатур. Ва улар дўзахдан чиқувчи эмаслар. (Қиёматдан бир кўриниш: ҳамма ўзи билан овора, биров билан бировнинг иши йўқ. Пешволар, бошлиқлар, бу дунёда бошқаларни ўз ортидан эргаштириб юрганлар ўзларига эргашганлардан тонадилар. Чунки ўзининг иши чатоқ бўлиб турганда, бошқанинг ташвиши ортиқча бўлади уларга. Азобни кўргач, ораларидаги барча боғланишлар, алоқалар, яқинликлар кесилади.)
(168) Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир. (Ояти карима ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар, деганидир бу. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса, ҳалол-ҳаромни фарқламай нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади.)
(169) Албатта, у сизларни ёмон ва фаҳш ишларга ҳамда Аллоҳга қарши билмаган нарсангизни гапиришингизга буюради.