(15) Аёлларингиздан фоҳиша (зино) қилганларига ўзларингиздан тўртта гувоҳ келтиринг. Агар гувоҳлик берсалар, уларни то ўлим етгунча ёки Аллоҳ бир йўл кўрсатгунча уйларида тутиб туринг. (Исломдан аввал бошқа разилатлар қатори фоҳишабозлик ҳам кенг тарқалган эди. Зинокорлик айб эмас, фахр ҳисобланар эди. Ўзларига баҳона топиб, зинога турли йўллар очган эдилар. Аллоҳ таоло жамиятнинг бу дардига ҳам ўзига хос даво қўллади. Аввал-бошда бу борада биз ўрганаётган ушбу оятни туширди. Мусулмонларни бу разилатдан узоқлашишга ва ким бу мазкур фоҳишага қўл урса, унга нисбатан керакли чоралар кўришни амр қилди.)
(16) Сизлардан ўша(Фоҳиша) ишни қилган икки эркакка озор беринглар. Агар икковлари тавба қилсалар ва тузалсалар, уларни тек қўйинг. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир. (Бу оятдаги фоҳиша ишдан кўз тутилган нарса бачабозликдир. Бу разилат ҳам кенг тарқалган жиноятлардан бўлган. «Озор беринглар» дегани–сўкиш, айблаш, қўлга тушган нарсалар билан уриш, деганидир ва булар вақтинчалик чора ҳисобланган. Ишончли ҳадис китобларининг соҳиблари Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р. а) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Кимнинг Лут қавми амалини қилаётганини кўрсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», деганлар. Аммо ушбу оятда кўрсатилган вақтинчалик чора бўйича озор бергандан сўнг улар: «Агар икковлари тавба қилсалар ва тузалсалар, уларни тек қўйинг».)
(17) Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
(18) Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз.
(19) Эй иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фоҳиша иш қилмасалар, берган нарсаларнингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик-ла ушлаб турманг ва улар илаяхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса. (Ушбу оят Исломдан олдинги даврда аёл кишига зулм ва жабр шаклида жорий қилинган баъзи одатларни ботил этмоқда. Жумладан, жоҳилий арабларнинг одати бўйича, эркак киши вафот этса, унинг хотини ҳам бошқа молу мулки қатори қариндошларига мерос бўлиб қолар эди. У бечора аёлни зўрлик-ла меросга олишар эди. Хоҳласа, биронтаси унга маҳр бермай уйланар ёки бошқа бировга эрга бериб, маҳрини ўзлари олишар ёки умуман у шўрликни эрга беришмас, ўзлари ҳам уйланишмас, бехуда ушлаб туришар эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, бундай ишлар ярамаслигини баён қилмоқда. Ва аёлларга нисбатан бўлган зулм ва жабр-ситамни кўтармоқда.)