(25) Унинг оят-белгиларидан, осмонлару ер Унинг амри ила туришидир. Сўнгра сизларни бир бор чақирса, ердан ҳаммангиз бирдан чиқарсизлар.
(26) Осмонлару ердаги кимсалар Унга хосдир. Барчалари Унга итоат қилгувчидирлар.
(27) У махлуқотни йўқдан бор қиладир, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтирадир, бу унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир. У азиз ва ҳаким зотдир.
(28) У сизга ўзингиздан мисол келтирди. Сизларнинг қўлингиздаги (қулларингиз)дан Биз сизга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз бор-у, сизлар у(ризқ)да тенг бўлиб, улар ҳақида ҳам ўзингиздан ҳаққингизда қўрққанингиздек қўрқасизми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал қилиб борурмиз. (Биз ризқ қилиб берган неъматга қулингиз ҳам сизга шерик бўлишини хоҳлайсизми? Йўқ. У қулни мазкур молу мулкингизнинг бир қисми ҳисоблайсиз. Унинг мол-мулкингиздан чиқиб кетишини ҳам хоҳламайсиз. Аллоҳ берган ризққа ўз қулингиз шерик бўлишини хоҳламас экансиз, қандай қилиб Аллоҳга Унинг Ўзи яратган махлуқотларини шерикликка раво кўрасиз? Шерик бўлиш осон бўлибдими? Сиз ўз ҳаққингиз зое бўлишидан қўрққанингиз каби, унинг ҳаққи зое кетишидан ҳам қўрқишингиз мумкинми? Ҳеч мумкин эмас. Шундай экан, нима учун Аллоҳ таолога Унинг Ўзи яратган махлуқотларни шерик қиласиз? Ушбу тафсилотларни тўғри тушунган одамлар Аллоҳга ширк келтиришнинг асосий сабабини англаб оладилар.)
(29) Йўқ!!! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди?! Ва охиратда уларга нусрат бергувчилар бўлмас.
(30) Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу Аллоҳ одамларни яратган асил табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. (Мушрик, кофир ва бошқалар ҳавойи нафсга эргашиб, ўзлариникини маъқуллайверади, уларнинг барини эътиборсиз қолдириб, ҳақ динга юзлан. Аллоҳ одамларнинг асил табиатларига Исломни, ягона Аллоҳга иймон келтиришни жойлаган. Аллоҳга ширк келтириш эса, инсоннинг асил табиатига зид бўлиб, илмсизлик ва ҳавойи нафсга эргашиш оқибатида пайдо бўлади.)
(31) (Ҳар бир нарсада) Унга қайтгувчи бўлароқ, У зотга тақво қилинг, намозни тўкис адо этинг ва мушриклардан бўлманг.
(32) Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир фирқа ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан (бўлманг). (Мушрикликнинг бир маъноси Аллоҳга шерик келтириш бўлса-да, дунёда мушрикликдан кўп нарса бўлмаса керак. Чунки мушриклар динларида фирқаланиб кетган. Аллоҳ таоло мусулмонларни шулар каби тафриқага тушмасликка амр қилмоқда.)