(17) Бас, уларнинг оқибатлари бир. Албатта, икковлари ҳам дўзахда бўлурлар, у ерда абадий қолурлар. Ва бу золимларнинг жазосидир. (Бани Назийр қабиласи ушбу жонли мисол билан хотима топади.)
(18) Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак.)
(19) Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унутдирди. Ана ўшалар, фосиқдирлар. (Аллоҳни унутган одам бу дунёда уни олий мақом билан боғлаб турувчи алоқани йўқотади. Уни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган олий мақсаддан маҳрум бўлади. Ва ниҳоят, ўзининг инсонлигини унутади.)
(20) Дўзах эгалари ва жаннат эгалари тенг бўлмаслар. Жаннат эгалари, ўшалар ютуққа эришувчилардир.
(21) Агар ушбу Қуъонни тоғга туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдинг. Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар.
(22) У Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У ғойибни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.
(23) У Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У - Малик, У-Қуддус, У-Салом, У- Мўмин, У- Муҳаймин, У-Азиз, У-Жаббор, У-мутакаббирдир. Аллоҳ Унга ширк келтираётган нарсалардан покдир. (Малик-ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат унга қул бўладилар. Қуддус-барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Салом-нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади. Мўмин-иймон ва омонликни берувчи. Муҳаймин-ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни, Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларининг гувоҳи бўлиб туради, ундан ҳеч нарса махфий қолмайди. Азиз-барчанинг устидан ғолиб. Жаббор - олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади. Мутакаббир-кибирёси ва улуғлиги муболағали зот.)
(24) У Аллоҳ Холиқ, Бариъу, Мусаввирдур. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этарлар. Яна У Азиз ва Ҳакимдир. (Холиқ-яратувчи. Бариъу-йўқдан бор қилувчи. Мусаввир-махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи зот. Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Ҳадиси шарифда Аллоҳнинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг тасбиҳини тушунмаймиз. У Аллоҳ ғолибдир ва ҳаким-барча ишларни ҳикмат билан қилувчи зотдир.)