(24) Унинг қавмининг жавоби: «Уни ўлдиринглар ёки ўтда ёқинглар!» дейишларидан бошқа нарса бўлмади. Бас, Аллоҳ уни ўтдан қутқарди. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
(25) У: «Сизлар, албатта, ҳаёти дунёдаги ўзаро маваддатингиз учун Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра қиёмат кунида баъзингиз баъзингизга куфр келтирурсиз ва баъзингиз баъзингизни лаънатларсиз. Ва жойингиз дўзахдир. Ҳамда сизга нусрат бергувчилар бўлмас.
(26) Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди. (Яъни, Иброҳимга алайҳиссалом Лут иймон келтирди. Лут алайҳиссалом Иброҳимга алайҳиссалом жиян бўлар эди. Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳимга алайҳиссалом иймон келтирган биринчи одам бўлдилар. Шунингдек, Иброҳимга алайҳиссалом хотинлари Биби Сора ҳам иймон келтирган эдилар. Тафсирчи уламоларимиз оятдаги «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, бу гапни Лут алайҳиссалом айтган, десалар, кўплари, Иброҳим алайҳиссалом айтган, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳга ҳижрат қилиш, дунёдаги барча нарсани ташлаб, Аллоҳ таолога томон интилиш туйғуси Иброҳимда алайҳиссалом ҳам, Лутда алайҳиссалом ҳам кучли бўлган. Аллоҳ таолонинг азиз-ғолиб, барчадан устун эканлигига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ҳам уларнинг ишончлари юқори даражада бўлган.)
(27) Биз унга Исҳоқни ва Яқубни бахш этдик ва Пайғамбарлик ҳамда китобни унинг зурриётида бўладиган қилдик. Унга бу дунёда ажрини бердик. Албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай.
(28) Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз.
(29) Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!»деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади.
(30) У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди. (Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди. Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Фоҳишачи қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳимга алайҳиссалом фарзанд кўришлари ҳақидаги башорат-хушхабарни етказиш ҳам топширилган эди. Шу мақсад ила улар аввал Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келдилар.)