الأنبياء Al-Anbiyaa
(1) Одамларга ҳисоблари яқинлашиб қолди. Улар эса, ғафлатда, юз ўгирувчи бўлган ҳолларида.
(2) Қачон Роббиларидан янги эслатма келса, фақат уни ўйнаётган ҳолларида тингларлар.
(3) Қалблари ғофил бўлиб. Зулм қилганлар ўзаро: «Бу ўзимизга ўхшаган башардан ўзга эмас-ку. Ўзингиз кўриб туриб сеҳрга келасизми?» деб пичирлашарлар.
(4) У: «Роббим осмону ердаги сўзни билур. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир», деди.
(5) Улар: «Балки алғов-далғов тушлардир, балки ўзи уйдириб олгандир, балки у шоирдир. Бас, бизга аввалгилар юборилганидек, мўъжиза келтирсин», дедилар.
(6) Улардан олдин бирор шаҳар (аҳолиси) иймон келтирмади. Биз уларни ҳалок қилдик. Энди улар иймон келтирармидилар?! (Улардан олдин лол қолдирувчи мўъжиза келтиришни талаб қилганлардан бирортаси ҳам иймонга келмади. шунинг учун ҳаммасини ҳалок қилдик. Энди улар иймонга келармидилар?!
(7) Биз сендан илгари ҳам фақат эр кишиларни Пайғамбар қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос. Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг. (Башар Пайғамбар бўлмайди, деб даъво қилаётган, эй кофир-мушриклар, агар Пайғамбарлар башар эканини билмасангиз зикр-илм эгаларидан, аҳли китоблардан сўранг.)
(8) Биз уларни таом емайдиган жасад қилганимиз йўқ. Улар абадий қолгувчи ҳам бўлган эмаслар.
(9) Сўнгра уларга (берган) ваъдамиз устидан чиқдик. Бас, уларга ҳамда ўзимиз хоҳлаганларга нажот бердик ва исрофчиларни ҳалок қилдик. (Кейин Пайғамбарларга берган ваъдамиз устидан чиқдик, уларга эргашган мўминларга нажот ва фатҳу нусрат бердик. Исрофчиларни, кофир бўлганларни ҳалок этдик. Одат шу. Ҳозирги кофирлар ибрат олсинлар.)
(10) Батаҳқиқ, Биз сизга китоб нозил қилдик. Унда сизнинг зикрингиз бор. Ақл ишлатмайсизларми?!. (Зикрингиз-шарафингиз бор. Одамлар ақлнини ишлатишлари лозим. Яна Қуръонга қайтиб, унга амал қилмоқлари шарт.)