(141) Токи Аллоҳ мўминларни поклаши ва кофирларни ҳалок қилиши учун.
(142) Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кираверамиз, деб ҳисоблайсизми?!
(143) Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз. (Бу хитоб Уҳуд уруши чоғидаги ва ундан олдинги ҳолатни мусулмонларнинг ёдига солиш учундир. Маълумки, Бадр урушида кўпчилик қатнаша олмай қолган эди. Бадрдаги ғалаба, унда шаҳид бўлганларга ваъда қилинган олий даражаларни билгандан сўнг, яна ғозот бўлса эди, биз ҳам савобга эришар эдик, шаҳид бўлсак, ушбу олий даражаларга эришар эдик, деган орзу кўпчиликнинг хаёлини қамраб олган эди.)
(144) Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар. (Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни, Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайгамбар алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбаъга қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларини масъул эканликларини сезсинлар.)
(145) Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз.
(146) Қанчадан қанча Пайғамбарлар билан бирга кўплаб роббонийлар жанг қилганлар. Улар Аллоҳ йўлида етган мусибатдан бўшашмаганлар, заифлашмаганлар ва бўйсунмаганлар. Аллоҳ сабрлиларни севади.
(147) Улар: «Эй Роббимиз! Бизнинг гуноҳларимиз ва ишимиздаги исрофимизни Ўзинг кечиргин, собитқадам қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», деган гапдан ўзга гапни айтмаганлар.
(148) Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севади.