(91) Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик. («Фаржини пок сақлаган» аёл деганда, Биби Марям назарда тутилган.)
(92) Албатта, сизнинг ушбу умматингиз бир умматдир ва Мен сизнинг Роббингизман. Бас, Менгагина ибодат қилинг.
(93) Улар эса ишларини парчаладилар. Барчалари Бизга қайтувчидирлар. (Аслида, ҳамма бир уммат бўлиб, бир динга ишониб, ягона Аллоҳга ибодат қилиши керак эди. Аммо одамлар бу йўлдан юрмай, ўзларича йўлларини, динлари ва ишларини бўлак-бўлак қилиб олдилар. Уларнинг ҳаммаси барибир охир-оқибат бизга қайтадилар. Ўшанда биз ўзимиз билиб ҳисоб-китоб қиламиз.)
(94) Ким мўмин ҳолида солиҳ амаллардан қилса, саъйи-ҳаракати зое кетмас. Албатта, Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз.
(95) Биз ҳалок қилган қишлоқ-шаҳарларнинг қайтмаслиги ҳаромдир. (Бу дунёдаги гуноҳлари учун йўқотиб юборилган шаҳар-қишлоқларнинг аҳолиси қиёмат куни жазоларини олиш учун қайтариладилар. Уларнинг қайтмасликлари мумкин эмас.)
(96) Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида.
(97) Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар. (Каҳф сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири–Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар. Қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унда «... куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади. Шундай, ғафлатда эмас. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмай, зулм қилган эдик, дейдилар.)
(98) Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ёқилғисидирсиз. Сизлар унга киргувчилардирсиз.
(99) Агар анавилар худолар бўлганида унга кирмас эдилар. Ҳаммалари унда абадий қолурлар. (Сизлар Аллоҳдан ўзга сиғинган нарсалар ҳақиқатда худолар бўлганида, жаҳаннамга кирмас эдилар. Аммо улар ҳеч қачон худо бўлган эмас, уларни сизлар худо деб олгансиз, шунинг учун жаҳаннамга тушмоқдалар.)
(100) У ерда уларга инграш бордир. Улар у ерда эшитмаслар.
(101) Албатта, Биздан уларга яхшилик раво кўрилганлар, ана ўшалар, ундан узоқлаштирилгандирлар. (Яъни, Аллоҳнинг мўмин бандалари, Аллоҳ уларга яхшиликни раво кўрган бандалар жаҳаннамдан узоқда бўладилар. Унинг яқинига ҳам келмайдилар.)