(47) Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир. (Модомики кофирларга азоб юборишни ваъда қилдими, уларга Аллоҳнинг азоби, албатта, келади. Шошилмай турсинлар. Азобни қачон юборишни Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло ҳеч шошилмайди. «Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун сиз санайдиган минг йилдекдир». Шунинг учун ҳам У зот шошилмайди.)
(48) Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларга зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳам муҳлат бердим. Сўнгра уларни (азобга) тутдим. Қайтиш фақат менгагинадир.
(49) Сен: «Эй одамлар! Мен сизлар учун фақат бир очиқ огоҳлантиргувчиман, холос», деб айт.
(50) Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга мағфират ва икромли ризқ бордир.
(51) Бизнинг оятларимизни ожиз қолдирмоқчи бўлиб, саъйи-ҳаракат қилганлар, ана ўшалар жаҳийм эгаларидир.
(52) Биз сендан илгари ҳеч бир Расул ва Набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Луғат жиҳатидан қарайдиган бўлсак «Таманний» сўзи араб тилида «олий орзу» (ажНабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни шу ҳолда қолдиришни раво кўрдик. Ушбу ояти каримада, бу олий орзу бошқа Расул ва Набийларда ҳам бўлганлиги, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳ доимо Ўзи Пайғамбарларни бундан сақлаб келганлиги айтилмоқда. Ушбу ҳолат Пайғамбаримиз (с. а. в) ҳаётларида бир неча марта кўрилган.)
(53) Шайтон ташлайдиган нарсанинг қалбларида касали борларга ва қалблари тошларга фитна бўлиши учундир. Албатта, золимлар (ҳақдан) узоқ тортишувдадирлар.
(54) Илм берилганлар у(Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.
(55) Куфр келтирганлар, уларга (қиёмат) соати тўсатдан келгунича ёки қисир Кун азоби келгунича у(Қуръон)дан шубҳада бўлишда давом этурлар. (Кофирлар қиёматгача Қуръони Карим Аллоҳдан келган ҳақ эканига шубҳада бўладилар. Шунинг учун иймон келтирмайдилар. Лекин бу билан фақат ўзларига зиён қиладилар, холос.)