(15) Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди ва уни қийланиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди. (Аллоҳ таоло инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрмоқда. Бу инсонийлик бурчидир, бошқа ҳеч қандай асос йўқ. Инсон фақат инсонлиги учун ота-онасини ҳурмат қилиши, эъзозлаши зарур. Лекин шу билан бирга, оятнинг ўзида ота-онага яхшилик қилишнинг боисларидан баъзиси айтиб ўтилмоқда.)
(16) Ана ўшаларнинг энг яхши амалларни қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир. Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир. (Аввалги оятдаги мақтовли сифатларга эга бўлган мўминларнинг қилган яхши амалларини қабул қиламиз, дейди Аллоҳ таоло. Албатта, амални қабул қилгандан сўнг унинг мукофати ва савобини ҳам кўпайтириб беради.)
(17) Ота-онасига: «Уфф сизларга, (қабрдан) чиқарилишимнинг ваъдасини бераяпсизларми?! Мендан аввал ҳам асрлар ўтган-ку!» деган кишига, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда улар: «Ҳолингга вой бўлгур, иймон келтир, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», дедилар. У бўлса «Бу ўтганларнинг афсоналари, холос», дер.
(18) Ана ўшаларга ўзларидан аввал ўтган жин ва инс умматлари қаторида (азоб) сўзи ҳақ бўлгандир. Албатта, улар зиён кўрувчилардан бўлдилар.
(19) Ҳар бирларига қилган амалларига яраша даражалар бордир. Ва уларга амалларининг (мукофат ёки жазоси) тўлиқ берилур ва уларга зулм қилинмас. (Ушбу оятда ҳар бир инсонга бу дунёда қилган амлига яраша у дунёда даража берилиши таъкидланмоқда. Қиёматда яхшиларни тўплаб жаннатга, ёмонларни дўзахга киритиб юбориш билан кифояланмаслиги маълум бўлмоқда. Балки ҳар бир инсон бу дунёда қилган амалига қараб алоҳида даражага эга бўлади. Заррача яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ҳисоб-китобдан четда қолмайди. Кўп яхшилик қилганларнинг даражалари жаннатда олий бўлади. Шунинг учун яхшиликни иложи борича кўпроқ қилишга уриниш керак.)
(20) Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда (уларга): «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз. Бугунги кунда ер юзида ноҳақ кибру ҳаво ва фисқу фасод қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланасиз», дейилур.