(107) Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир. (Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад (с. а. в.) биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор–зиён масжиди, деб номланди. Бу масжиднинг куфр учун қурилди дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар. Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиш учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар. Бу ҳолат динсиз давлатлардаги масжид ва диний муассасалар мисолида жуда ҳам равшан намоён бўлган.)
(108) Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир.
(109) Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.
(110) Барпо қилган бинолари қалбларида шак-шубҳа ҳолида бардавом қолади. Магар қалблари қиймаланиб кетсагина шак-шубҳа қолмас. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.
(111) Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди. Улар Аллоҳнинг йўлида жанг қиладилар, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Бу Тавротда, Инжилда ва Қуръонда Унинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шод бўлаверинг. Ана шунинг ўзи улкан ютуқдир. (Ушбу савдо алоқасида Аллоҳ таоло харидору, мўмин инсон сотувчи. Мўмин-мусулмон бўлиш билан инсон ўз жони ва молини Аллоҳга сотади. Аллоҳ таоло эса мўмин мусулмон бандасига жонингни ва молингни Менинг йўлимга тиксанг, Мен бунинг эвазига жаннатни бераман, деб сотиб олади. «Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат звазига сотиб олди», дегани шу маънони англатади. «Сотиб олди», яъни, савдо тугади. Шунинг учун ҳеч бир мўмин-мусулмон шахс савдони бузмасликка, Аллоҳга сотган жони ва молини беришга доим тайёр турмоғи лозим.)