(19) Аллоҳ осмонлару ерни ҳақ ила яратиб қўйганини кўрмадингми? Агар истаса, сизларни кетказиб, янги халқ келтиради.
(20) Бу эса, Аллоҳ учун қийин эмас.
(21) Уларнинг ҳаммалари Аллоҳ ҳузурида пайдо бўлдилар. Бас, заифлар мутакаббирларга: «Албатта, биз сизларга тобе бўлган эдик. Энди, сизлар устимиздаги Аллоҳнинг азобидан бирор нарсани енгиллата оласизларми?» дедилар. Улар: «Агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилганида, биз ҳам сизларни, албатта, ҳидоят қилар эдик. Биз учун энди, дод-вой қиламизми ёки сабр қиламизми, бари бир. Биз учун қочар жой йўқ», дедилар. (Заифлар–бу дунёда заифҳол бўлиб ўзидан кучли, ақлли, юқори мансабдорларга эргашиб гуноҳ этганлар қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида ишининг чатоқ эканлигини англаб етиб, ўз хўжайинларига юазкур мурожаатни қиладилар.)
(22) Иш битиб бўлганда шайтон: «Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса, сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди, мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Албатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор», деди. (Бу дунёда ҳар ишнинг бошида турган, ҳар қилмишга бош-қош бўлган лаънати шайтон у дунёда ҳамма иш битиб, ҳукм чиққандан сўнг пайдо бўлади. Бир-бирини маломат қилиб турган кучлию заиф, эргашгану эргаштирган атбоъларига қараб, сўз бошлайди.)
(23) Ва иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритилурлар. Унда Роббилари изни ила абадий қолурлар. Уларнинг ундаги сўрашишлари «Салом»дир. (Демак, ҳар бир нарса ўз жойини топди. Мантиқий ва адолатли ниҳояга етди. Шайтон ва унга эргашганлар дўзахнинг даҳшатли азобига маҳкум бўлдилар. Пайғамбарлар ва уларнинг мўмин умматлари жаннат ва унинг моддий-маънавий неъматларига эришдилар.)
(24) Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. (Яхши сўз, ҳақ сўз иймон сўзидир. У сўзни Аллоҳ таоло бир яхши, соғлом дарахтга ўхшатмоқда. Бу дарахтнинг асли собитдир. Унинг томирлари ерга чуқур илдиз отгани учун мустаҳкамдир. Турли шамоллар, бўронлар ва бошқа омиллар уни жойидан қимирлата олмайди. Айни чоқда, бу дарахтнинг шохлари осмонда, юксакликдадир. У доимо мева бериб туради. Иймон ҳам худди шу яхши дарахтга ўхшайди. Асли мустаҳкам. Ҳеч нарсадан таъсирланмайди. Мартабаси олий. Доимо самарасини ҳам бериб туради.)