(23) Айтинг-чи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эсламайсизларми?!
(24) Улар: «У(ҳаёт) фақат бу дунёдаги ҳаётимиздир. Ўламиз, тириламиз, бизни фақат замон ҳалок қилади», дерлар. Уларнинг бу ҳақда илмлари йўқ. Улар фақат гумон қиладилар, холос. (Булар даҳрийлардир, бизни фақат даҳр(замон) ўлдиради, деганлари учун шу номни олганлар. Улар ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этадилар.)
(25) Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинган чоғда: «Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг-чи?!» дейишдан бошқа ҳужжатлари бўлмас.
(26) Сен: «Аллоҳ сизларни тирилтирур, сўнгра ўлдирур, сўнгра сизларни (бўлишида) шубҳа йўқ қиёмат кунида жамлар. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт.
(27) Ва осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Қиёмат соати қоим бўладиган кунда, ўша кунда ботилчилар зиён тортурлар.
(28) Ҳар бир умматни тиз чўккан ҳолида кўрурсан. Ҳар бир уммат ўз номаи амалига чақирилур: «Бугунги кунда қилиб юрган амалларингиз бўйича жазо (ёки мукофот) олурсиз», (дейилур). (Яъни, қиёмат кунининг даҳшати кучлилигидан у куни ҳар бир умматнинг чўкаланиб қолган ҳоли кўрилади. Ўша кунда ҳар бир умматга, ҳар бир шахсга, бу дунёда қилган амаллари ёзиб борилган китоб кўрсатилади.)
(29) «Мана бу китобимиз сизга ҳақни нутқ қилур. Албатта, Биз қилган амалингизни ёзиб турган эдик» (дейилур). (Яъни, мана бу номайи амал китоби фақат ҳақиқатни айтади. Ундаги барча гап ростдир, ёлғони йўқ. У дунёда нима амал қилсангиз, ўшани ўз вақтида аниқ ёзиб турган эдик. Энди шу асосда ҳисоб-китоб этамиз.)
(30) Бас, иймон келтириб солиҳ амалларни қилганларни Роббилари Ўз раҳматига киритур. Ана ўшанинг ўзи очиқ-ойдин ютуқдир.
(31) Аммо куфр келтирганларга эса: «Ахир сизга Менинг оятларим тиловат қилинмаганмиди?! Бас, сиз мутакаббирлик қилдингиз ва жиноятчи қавм бўлдингиз.
(32) Вақтики: «Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир ва (Қиёмат) соатида шубҳа йўқдир», дейилса, «Қиёмат соати нима эканини билмасмиз. Биз фақат гумон қиламиз, холос. Биз аниқ ишонгувчи эмасмиз, дедингиз», (дейилур). (Энди ҳолингизга нима бўлди? Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканми? Қиёмат соати қоим бўлар эканми? У ҳақидаги гапларингиз гумондан бошқа гап эмаслигини билдингизми?)