(48) Ва уларга ўзлари касб қилган нарсаларнинг ёмонлиги зоҳир бўлур ва уларни ўзлари масхара қилиб юрган нарса ўраб олур.
(49) Бас, қачонки инсонни зарар тутса, у бизга дуо қилур. Сўнгра унга Биз ўзимиздан неъмат берсак: «Албатта, бу менга илмим туфайли берилди», дер. Йўқ! У синовдир. Лекин кўплари билмаслар. (Бошига мусибат тушса, бало-офат келса, ўшандай кимса ҳам сохта худоларига эмас, Аллоҳ таолога ёлборади. Оғир мусибат вақтида манманлик ва такаббурлик ҳам қолмайди, инсоннинг фитрати соф табиати очилади. Инсоннинг фитратида эса, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини тан олиш хусусияти бор. Шу боис ҳар қандай инсон у қанчалик кофир, қанчалик мушрик бўлмасин, бошига мусибат тушиб, зарарга юз тутса, фақат Аллоҳ таолонинг ўзига ёлборади. Аллоҳ таоло ундан зарарни олиб, унга яна тинчлик-омонлик ва офиятни берса, у эски ҳолатига қайтади. Аллоҳ берган неъматни, тинчлик-омонлик, офият ва яхшиликларни ўз илмим, хатти-ҳаракатим билан топдим, деб даъво қила бошлайди.)
(50) Батаҳқиқ, буни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларнинг қилган касблари ўзларига асқотмади.
(51) Бас, уларга қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Анавилардан зулм қилганларига ҳам тезда қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлур. Улар қочиб қутулгувчи ҳам эмаслар.
(52) Улар Аллоҳ хоҳлаган кишисига ризқни кенг ва тор қилишини билмасмидилар?! Албатта, бунда иймон келтиргувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.
(53) Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт. (Имом «Бухорий Саъд ибн Жубайрдан (р. а.) келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.)
(54) Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас.
(55) Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Роббингиздан сизга туширилган энг гўзал нарсага эргашинг.
(56) Жон: «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Тўғриси, мен масхара қилгувчилардан бўлган эдим», демасидан олдин...