(51) Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни Ўзингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ бўлмас. Шундай бўлиши уларнинг кўзлари қувончга тўлиши, хафа бўлмасликлари ва ҳаммаларининг сен уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир ва Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта ҳалим зотдир. (Расулуллоҳ (с. а. в.) аёллари билан навбатма-навбат ётар эдилар. Мабодо навбатни бузишга эҳтиёж чиқиб қолса, навбати келган онамиздан, фалончининг олдида тунашимга изн берасанми, деб сўрар эдилар. Бу оятда эса, сўрамасдан ҳам, ўзлари нимани истасалар, қилаверишга ҳақлари бор эканлиги баён қилинмоқда. Бу ҳам, фараз маъносида олсак, ўз нафсини ҳадя қилган аёлни олдин рад этиб, кейин яна хоҳлаб олганинг сенга гуноҳ бўлмас, маъноси чиқади. Ёки завжаларингдан бирортасига навбатида кирмай қўйган бўлсанг, истаган пайтингда кираверасан, маъноси чиқади. Чунки бу ишларни Аллоҳнинг амри билан қилаётганингни билганларидан кейин, аёлларингнинг кўзлари қувончга тўлади, хафа бўлмайдилар ва рози бўладилар.)
(52) Сенга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас ва уларга бошқа завжаларни алмаштиришинг ҳам бўлмас. Агар ўшаларнинг ҳусни сени ажаблантирса ҳам. Магар қўлингда мулк бўлган (чўри) бўлса мумкин. Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб тургувчи зотдир.
(53) Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берадир. У эса, сизлардан ҳаё қилардир. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмас. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта (гуноҳ)дир. (Яъни, таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб қайтиб чиқиб кетинг. Пайғамбарнинг (с. а. в.) аёлларидан бирор нарсани сўрасангиз, олдиларига кириб эмас, парда ортида туриб сўранг. Пайғамбарга (с. а. в.) озор бермоғингиз, у зотнинг хотинларига у кишидан кейин уйланмоғингиз катта гуноҳдир.)
(54) Гар бир нарсани ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ барча нарсани ўта билгувчи зотдир. (Жумладан, ким Пайғамбардан (с. а. в.) кейин у зотнинг аёлларига уйланаман деб ўйлаб юрибди, ким бу ҳақда гапириб юрибди, ҳаммасини яхши билади.)