(98) У қиёмат куни қавмининг олдига тушиб, уларни дўзахга бошлаб келтирадир. У жой қандай ҳам ёмон тушиш жойидир. (Биз «тушган жойи» деб таржима қилган сўз ояти каримада «сув ичгани тушган жойи» деган маънони англатувчи «ал-вардул мавруд» ибораси ила келган. Қавм бу дунёда Аллоҳ таолонинг амрини қўйиб, Фиръавнга эргашгани учун қиёмат куни ҳам унга эргашадилар. У эса, иссиқда куйиб-ёнган қавмни, сув ичишга бошлаб бораман, деб ҳаракат қилади-ю, олиб борган жойи дўзахнинг қаъри бўлади. У қандай ҳам ёмон жой.)
(99) Бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам уларга лаънат эргашадир. Бу қандай ҳам ёмон ёрдамдир!
(100) Мана булар–шаҳарларнинг хабарларидан бўлиб, уларни сенга қисса қилаётирмиз. Улардан (ўз ўрнида) турганлари ҳам бор, йиқилганлари ҳам бор.
(101) Биз уларга зулм қилмадик. Лекин ўзларига зулм қилдилар. Роббингнинг амри келган пайтда Аллоҳни қўйиб илтижо қилган «худо»лари ҳеч бир нарсада уларнинг ҳожатларини чиқара олмади. Уларга зиёндан бошқани зиёда қилмадилар.
(102) Роббинг золим шаҳарларни ушлаганида, ана шундай ушлайдир. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир.
(103) Албатта, бунда охират азобидан қўрққан кимса учун ибрат бордир. Бу кун одамлар жамланадиган бир кундир. Бу кун шоҳид бўлинадиган кундир.
(104) Уни Биз фақат саноқли муддатга кечиктирамиз.
(105) У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила (гапирур). Бас, улардан бадбахтлари ва бахтлилари бордир.
(106) Бас, бадбахт бўлганлар дўзахдалар. У ерда улар дод-фарёд қилурлар.
(107) Улар, модомики осмонлару ер бор экан, унда абадий қолурлар. Магар Роббинг хоҳласа, (абадий қолмаслар). Албатта, Роббинг нимани хоҳласа, қилгувчи зотдир. (Яъни, улар дўзахда абадий қолурлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, баъзиларини озод этиши мумкин. Чунки Аллоҳ хоҳлаганини қилгувчи зотдир.)
(108) Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомики осмонлару ер бор экан, абадийлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, (Ўзи билур). Бу туганмас инъомдир. (Яъни, бахтлилар жаннатда абадий қолиш билан бирга, туганмас неъматларга ҳам эга бўладилар. Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, уларга: «Эй аҳли жаннатлар, сизлар энди абадий яшайсизлар, ўлмайсизлар, абадий ёш бўласизлар, қаримайсизлар, абадий соғ бўласизлар, бемор бўлмайсизлар, абадий неъматда бўласизлар, ноумид бўлмайсизлар», дейилади.)