(156) Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз сенинг Ўзингга тавба қилдик», деди. У зот: «Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман.
(157) Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар–ана ўшалар нажот топгувчилардир», деди. (Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо (а. с.) танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз сенга тавба қилдик», дедилар. Муҳаммаднинг (с. а. в.) сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо (а. с.) билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммадни (с. а. в.) кўришлари билан иймонга келдилар.)
(158) Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт. (Бурунги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с. а. в.) бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳамадга (с. а. в.) бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.)
(159) Ва Мусонинг қавмидан баъзи жамоалар борки, ҳақ ила ҳидоят қилиб, у ила адолат қиларлар. (Яъни, Бани Исроил ёппасига ёмон бўлмаган. Мусо (а. с.) даврларида уларнинг орасида баъзи жамоалар ҳақ сўзлар ила одамларни ҳидоятга бошлаб, ҳақ ила уларнинг сафида адолат қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад (с. а. в.) Пайғамбар бўлиб келганларида Абдуллоҳ ибн Саломга (р. а.) ўхшаш Бани Исроил аҳли шундай қилдилар.)