(23) Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. (Ўша Сабаъ юртида бир аёлни кўрдим. У аёл халққа подшоҳ экан. Аёлга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда ўша маликанинг катта тахти бор экан.)
(24) Мен у(аёл)нинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар. (Гап шу ерга келганда, энг муҳим хабар чиқди. Ўша Сабаъ мамлакатига подшоҳ бўлган аёл ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётган экан. Бу нотўғри йўл. Аллоҳнинг Пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом уларнинг бу хатоларини тузатишлари зарур. Шайтон лаънати улар қилаётган гуноҳ амалларни ўзларига чиройли кўрсатиб қўйибди. Агар шу ҳолларида юраверсалар, ҳидоят топмайдилар.)
(25) Осмонлару ердаги сирларни ошкор қиладиган, махфий ва ошкор қилган нарсаларингизни биладиган Аллоҳга сажда қилмайдиларми?!
(26) Аллоҳ–Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ зотдир. У улуғ аршнинг Роббидир», деди.
(27) У: «Кўрамиз, рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми?
(28) Бу мактубимни олиб бориб, уларга ташла, сўнгра четга чиқиб назар сол-чи, нима қайтарарлар», деди.
(29) У (Малика): «Эй аъёнлар! Менга кароматли бир мактуб ташланди. (Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар бериши унинг ўз одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўришига далолат қилади. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини айтмоқда.)
(30) Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
(31) Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг», дейилмишдир», деди.
(32) У: «Эй аъёнлар! Менга бу ишимда фатво беринглар. Сизлар шоҳид бўлмагунингизча, мен бир ишга қатъий қарор қилмасман», деди.
(33) Улар: «Биз куч-қувват эгаларимиз ва шиддатли азму шижоат эгаларимиз. Иш ўзингга ҳавола. Нима амр қилишингни ўйлаб кўр», дедилар.
(34) У: «Албатта, подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа кирсалар, уни вайрон қилурлар ва унинг азиз аҳлларини хор қилурлар. Ана шундай қилурлар.
(35) Мен уларга бир ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар», деди.