(12) Вақтики у уларни узоқ жойдан кўрганида, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитурлар. (Қиёмат соатини ёлғонга чиқарганларга Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган дўзах шу даражада даҳшатлики, у кофирларни узоқдан кўриши билан ғазаби тўлиб-тошиб, қайнаб ўкира бошлайди.)
(13) Унинг тор жойига кишанланган ҳолларида ташлаганларида эса, ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тиларлар.
(14) Бугунги кунда бир ҳалокатни эмас, кўп ҳалокатни тиланглар! (Бир марта ҳалок бўлиб қутулиб кета олмайсизлар. Ҳали кўп ҳалок бўласизлар. Ўзингизча, ҳалок бўлсак, бу азоблардан қутулармиз, деб ўйламанглар.)
(15) Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими? У (жаннат) улар учун мукофот ва қайтиш жойидир.
(16) Уларга у ерда хоҳлаган нарсалари бор, абадий ҳолда қолурлар. Бу Роббинг зиммасидаги масъулиятли ваъдадир. (Жаннатда тақводор мўминларга истаган нарсалари бор. Жаннатда нималар борлигини санаб адоғига етиб бўлмайди. Шунинг учун осонгина, истаган нарсалари бор, деб қўйилди.)
(17) У(мушрик)ларни ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларини тўплаган кунда У зот: «Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми ёки улар ўзлари йўлдан оздиларми?!» дейдир. (Бу дунёда мушрик бўлиб, Аллоҳдан ўзга нарсаларга ибодат этиб, ўшаларнинг «айтгани»ни қилиб, ўшаларнинг «розилиги»ни тилаб ўтган манави бандаларнинг мушрик бўлишлари сабаби нима? Уларни ўша «худо»лари адаштирдими? Ёки ўзлари йўлдан оғдиларми?)
(18) Улар: «Эй пок Парвардигор, Сендан ўзгани дўст тутмоқ биз учун ярашмас. Лекин сен уларни ва ота-боболарини (шунчалик) ҳузурлантирдингки, ҳатто улар зикрингни унутдилар ва ҳалокат қавми бўлиб қолдилар», дерлар.
(19) Батаҳқиқ, улар сизларни айтаётган нарсангизда ёлғончига чиқардилар. Энди (азобни) буришга ҳам, ёрдам олишга ҳам қодир бўлмассиз. Сиздан ким зулм қилган бўлса, унга азобни тортдирамиз.
(20) Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! Роббинг кўргувчи бўлган зотдир. (Оддий башардан Пайғамбар юбориб одамларни синовга учратдик, баъзилари синовдан ўта олмай, оддий башар ҳам Пайғамбар бўладими, деб йўлдан адашди. Уларнинг бу тасарруфлари эса, иймонлилар учун синов бўлди.)