(44) У зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир. Ва У зот уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир.
(45) Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи.
(46) Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик. (Ушбу оятда Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад (с. а. в.) жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи нурли чироқдирлар.)
(47) Мўминларга, албатта, уларга Аллоҳдан улуғ фазлу марҳамат бўлиши ҳақида хушхабар бер.
(48) Кофир ва мунофиқларга итоат этма. Уларнинг озорларига парво қилма. Аллоҳга таваккал қил. Вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
(49) Эй иймон келтирганлар! Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас. Бас, сиз уларни баҳраманд қилинг ва гўзал бўшатиш ила бўшатиб юборинг. (Бу ояти каримада ақди никоҳидан кейин эру хотинлик қилмай туриб, бўладиган талоқ ҳақида сўз кетмоқда. Бу ҳолат оз бўлса-да, ҳаётда учраб туради. Никоҳдан сўнг, қўл текизмай туриб, яъни, эру хотин сифатида хилватда ёлғиз қолмай туриб талоқ қилса, келин идда ўтирмайди.)
(50) Эй Набий, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни, Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўл остингдаги (чўри)ларни, амакингнинг қизлари, аммаларингнинг қизлари, тоғангнинг қизлари, холаларингнинг қизларидан сен билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик. Ва агар бир мўмина аёл ўз нафсини Набийга ҳадя этса, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса, сен учун махсус ҳалол қилдик. Мўминларга эмас. Уларга жуфтлари ва қўллари остидаги мулк(чўри)лари ҳақида нимани фарз қилганимизни билурмиз. Буни сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (Ушбу ояти каримада ва бундан кейин келадиган икки оятда Пайғамбаримизга (с. а. в.) қандай аёлларнинг никоҳи дуруст экани ҳақида, у зот (с. а. в.) билан турмуш қурган ва қурадиган аёлларга тегишли масалалар устида сўз юритилади. Ушбу оятда зикр қилинган уйланиш бобидаги — никоҳда тўрттадан ортиқ аёлни ушлаб туришни, мазкур тоифа аёлларга уйланишни, чўри тутишни, ўз нафсини ҳадя қилган хотинга маҳрсиз, гувоҳсиз уйланишни, эй Набий, сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик.)