الجاثية Al-Jaathiya
(1) Ҳа-а. Мийм.
(2) Бу китобнинг нозил қилиниши азиз ва ўта ҳикматли Аллоҳдандир.
(3) Албатта, осмонлару ерда мўминлар учун оят-белгилар бордир. (Дарҳақиқат, осмонлару ердаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг биру борлигига, чексиз қудратига ёрқин далилдир.)
(4) Ва сизларнинг яратилишингизда ва таратиб қўйган жониворларда аниқ ишонадиган қавм учун оят-белгилар бор. (Инсоннинг яратилишида Аллоҳ таолонинг биру борлигига, куч-қудратига, тадбиру санъатига сонсиз-саноқсиз оят-белгилар бор.)
(5) Кечаю кундузнинг алмашиб туришида, Аллоҳ осмондан ризқ нозил қилиб, унинг ила ерни ўлимидан кейин тирилтиришида ва шамолларни не йўналишида ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бор.
(6) Булар Аллоҳнинг оятларидир. Биз уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Улар Аллоҳни ва Унинг оятларини қўйиб, қайси гапга иймон келтирурлар?!
(7) Ҳар бир ёлғончи гуноҳкорга ҳалокат бўлсин!
(8) У ўзига тиловат қилинган Аллоҳнинг оятларини эшитади-ю, сўнгра худди эшитмагандек мутакаббирлик қилиб туриб олади. Бас, унга аламли азоб хушхабарини бер.
(9) Қачонки Бизнинг оятларимиздан бирор нарса билса, уни истеҳзо қилади. Ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.
(10) Ва ортларида жаҳаннам бор. Уларга касб қилган нарсалари ҳам, Аллоҳни қўйиб тутган «дўстлари» ҳам ҳеч бир нарсада асқотмас. Уларга улкан азоб бордир.
(11) Бу (Қуръон) ҳидоятдир. Роббилари оятларига куфр келтирганларга аламли азобнинг ашаддийси бордир.
(12) Аллоҳ сизга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва сиз Унинг фазлидан исташингиз учун бўйсундириб қўйди. Шоядки, шукр келтирсангиз.
(13) Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни—ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир.