(114) Ийсо ибн Марям: «Эй бор Худоё! Роббимиз! Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгин, у аввалимизгаю охиримизга байрам бўлиб қолсин. Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизга ризқ бергин, зотан Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деди.
(115) Аллоҳ: «Мен, албатта, уни сизларга туширгувчиман. Бас, бундан кейин сизлардан ким куфр келтирса, уни оламларда ҳеч кимни азобламаган азоб ила азоблагайман», деди. (Аллоҳ таоло дастурхон тушириш ҳақидаги сўровни ижобат қилиш билан бирга, Ўзининг доимий одатини ҳам эсга солмоқда. У одат мўъжиза талаб қилган қавм, мўъжиза келгандан кейин ҳам куфр келтирса, уни қаттиқ азобга дучор қилишдир. Бу азоб ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда бўлади.)
(116) Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сен одамларга, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?» деганини, у эса: «Эй пок Зот, ҳаққим йўқ нарсани мен айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг. Сен менинг дилимдагини биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмайман. Албатта, Сен Ўзинг ғайбларни энг яхши билгувчи зотсан.
(117) Мен уларга Ўзинг менга амр қилган нарса; Аллоҳга менинг Роббим ва сизнинг Роббингизга ибодат қилингдан, бошқани айтганим йўқ. Ва модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, сен ҳар бир нарсага гувоҳсан. (Яъни, қилган ишлари, айтган гаплари ва бошқа нарсаларига гувоҳ бўлдим. Жумладан, сенинг амрингни қанақа қабул қилишларига гувоҳ бўлдим. Менинг улар ичида бўлган вақтимдаги гаплар шулардан иборат. Мен худолик даъвосини қилганим йўқ. Мендан кейин нима бўлганини Ўзинг биласан.)
(118) Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деганини эсла.
(119) Аллоҳ: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир» деди. (Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир.)
(120) Осмонлару ер ва улардаги нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Ва У зот ҳар бир нарсага қодирдир.