(62) Албатта, бу ўзи ҳақ қиссадир. Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзи азиз ва ҳаким зотдир. (Яъни, Ийсо ҳақида сенга келган қиссалар ҳақдир. Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Насороларнинг Ийсо ҳам «худо» дейишлари нотўғри. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Аллоҳнинг Ўзи азиз, ҳаммадан ғолиб, биров Унга қарши чиқа олмайди. У ҳаким–ҳар бир ишни ўз ўрнида, ҳикмат билан қилади.)
(63) Агар юз ўгириб кетсалар, бас, албатта, Аллоҳ фасод қилувчиларни билувчидир.
(64) Сен: «Эй аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмайлик», дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», деб айтинглар.
(65) Эй аҳли китоблар, нимага Иброҳим ҳақида талашасизлар. Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин тушган-ку! Ақл юритмайсизларми?!
(66) Ҳой сизлар, ҳалигилар! Ўзингиз билган нарсада-ку талашдингиз, энди нимага ўзингиз билмаган нарсада талашмоқдасиз?! Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз. (Пайғамбар алайҳиссалом билан Ийсо ҳақида, шунингдек, Таврот ва Инжилда келган баъзи масалалар ҳақида тортишишган эди. Бу масалаларда уларнинг озми-кўпми илмлари бор эди. Тортишиб, ўз фикрини айтса бўлар эди. Аммо Таврот ва Инжилдан олдин ўтган ҳодисалар, ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида тортишиб нима қилардилар? Фақат, талашди деган гап учунми? У нарсаларни, хусусан, Иброҳимнинг кимлигини «Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз!».)
(67) Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган эди. Лекин у ҳақ йўлдан тоймаган мусулмон эди. Ва мушриклардан ҳам бўлмаган.
(68) Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг валийсидир. (Аввало, «Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар», яъни ўзлари ҳаёт даврларида у кишига иймон келтириб, йўлидан юрганлар ва у киши ўтганларидан кейин ҳам эргашганлар. Яна кейин одамларнинг Иброҳим алайҳиссаломга ҳақлироғи Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам ва у зотга иймон келтирган мўминлардир.)
(69) Аҳли китоблардан бир тоифалари сизни адаштиришни хоҳлайдилар. Ўзларидан бошқани адаштирмайдилар ва лекин сезмаслар.
(70) Эй аҳли китоблар, нимага ўзингиз гувоҳ бўлиб туриб, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирасиз?!