(53) «Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?» дейишлари учун шундай қилиб, баъзиларини баъзилари ила синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми? (Демак, бойларнинг бой, камбағалларнинг камбағал бўлиши синов экан. Синов бўлганда ҳам, бирларини бошқалари билан синаш экан. Бой шукр қиладими, йўқми–синалади. Камбағал ҳам сабр қиладими, йўқми–синалади. Айниқса, бойлар кўпроқ синалади.)
(54) Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир», деб айт.
(55) Шундай қилиб, жиноятчиларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларни муфассал баён қиламиз.
(56) Сен: «Мен Аллоҳни қўйиб, сиз ибодат қилаётганларга ибодат қилишдан қайтарилганман», деб айт. Сен: «Мен сизнинг ҳавойи нафсларингизга эргашмайман. Зеро, адашган бўламан ва ҳидоят топганлардан бўлмай қоламан», деб айт.
(57) «Албатта, мен Роббимдан берилган аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар уни ёлғонга чиқардингиз. Сиз шошилтираётган нарса менда йўқ. Ҳукм фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир. У ҳақни аниқлайди. У ажрим қилувчиларнинг энг яхшиси», деб айт. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) даъватларини, эътиқодларини, амалларини «очиқ ҳужжатлар» асосида олиб бормоқдалар. Бу очиқ ҳужжатлар ердан чиққани йўқ, балки осмондан тушган. Мушрик-кофирларнинг эса, ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки улар Роббиларини ёлғонга чиқариб қўйганлар. Мушриклар шошилтираётган нарса эса–талаб қилинган мўъжиза келгандан сўнг азобни тушириш. Бу иш Пайғамбарнинг илкидаги иш эмас. Унинг имкони ҳам йўқ, вазифасига ҳам кирмайди.)
(58) Сен: «Агар сиз шошилтираётган нарса менинг ҳузуримда бўлса эди, мен билан сизнинг орангизда иш аллақачон битган бўлар эди. Аллоҳ золимларни яхши билгувчидир», деб айт.
(59) Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир. («Очиқ китоб»дан мурод–Лавҳул Маҳфуздир. Ер остида яширин турган бир дона дон бўлса ҳам, ҳўлу қуруқни бўлса ҳам билади, дегани Унинг билмайдиган нарсаси йўқдир, деганидир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло, чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.)