(49) Сен: «Ҳақ келди! Ботил бошлай олмас ва қайтара ҳам олмас», деб айт.
(50) Сен: «Агар мен залолатга кетган бўлсам, ўз зараримга кетурман. Агар ҳидоят топсам, Роббим менга ваҳий қилган нарса туфайли топурман. Албатта, У зот ўта эшитгувчи, яқиндир», деб айт.
(51) Агар уларнинг талвасага тушишларини, энди қочиб қутулиш йўқ ва яқин макондан тутилишларини бир кўрсанг эди? (Қочиб қаёққа ҳам борар эдилар. Маҳшарда, Роббул оламийн ҳузурида хору зор бўлиб турибдилар. Кучли, шиддатли, қўпол ва уларга нисбатан шафқатсиз фаришталар сергаклик билан уларни кузатиб туришибди. Ким қимир этса, ҳоли хароб бўлади.)
(52) Улар: «Унга иймон келтирдик», дерлар. Энди, узоқ бир макондан қўллари қандоқ етсин?!
(53) Ҳолбуки, унга олдин куфр келтирган эдилар. Ғойибга узоқ жойдан тош отар эдилар.
(54) Ва улар билан ўзлари иштаҳа қилган нарсанинг ораси тўсилди. Худди олдин ўтган маслакдошлари каби. Албатта, улар шак-шубҳа ичида эдилар. (Улар иймонга келиб, жаннатга киришни истаб қолдилар. Аммо бунга имкон берилмади. Улардан олдин ўтган кофир ва мушрикларга ҳам айни шу муомалада бўлинган эди.)
فاطر Faatir
(1) Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин. У зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бу оятда улар икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида гап кетмоқда.)
(2) Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолгувчи бўлмас. У зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборгувчи бўлмас. У зот азизу ҳакиймдир. (Аллоҳ берган неъматини биров ман қила олмайди. Шунинг учун хотирни жам қилиш керак. Аллоҳга иймон келтириб, кўрсатган йўлдан юриш лозим.)
(3) Эй одамлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг! Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми? Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён кетмоқдасиз?!