(11) Сен: «Албатта, мен динни Ўзи учун холис қилган ҳолимда Аллоҳга ибодат этишимга буюрилганман.
(12) Ва мен мусулмонларнинг аввалгиси бўлишимга амр этилганман», деб айт. (Аввал айтилганидек, «дин» итоат, ибодат, жазо, мукофот ҳамда шариат маъноларини англатади. Демак, Пайғамбаримиз (с. а. в.) фақат холис Аллоҳгагина итоат қилишга, фақат холис Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилишга буюрилганлар, фақат холис Аллоҳдангина жазо ва мукофот кутишга, фақат Аллоҳнинг шариатига амал этишга буюрилганлар. Мана шу нарса соф тавҳиддир. Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига иқрорликдир.)
(13) Сен: «Албатта, мен агар Роббимга исён этсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт.
(14) Сен: «Динимни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳгагина ибодат қилурман.
(15) Бас, сизлар ундан ўзга нимани хоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар», деб айт. Сен: «Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингким, ана ўша очиқ-ойдин зиёнкорликдир», деб айт.
(16) Улар учун тепаларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор, остларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур: «Эй бандаларим, менга тақво қилинглар!» (Аллоҳ таоло қиёматнинг азоблари ҳақида олдиндан огоҳлантириб қўяди. Бошларига мусибат тушганда, эй Роббимиз, аввалроқ айтмаган экансан, демасинлар).
(17) Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор. Бас, бир бандаларимга хушхабар бер.
(18) Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир. (Ушбу жумладан билинадики, одамлар икки тоифа–Аллоҳга ёки тоғутга ибодат этадиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам, албатта, тоғутга, яъни, Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман, деганлар ёлғон гапирадилар. Улар, ҳеч бўлмаса, ҳавои нафсига ёки ўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатига бўйсунадилар–ибодат қиладилар.)
(19) Ёки ҳақида азоб сўзи ҳақ бўлган кимсани— дўзахдаги кимсани сен қутқара олурмисан?!
(20) Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун болохоналар устидан болохоналар бино қилингандир. Остларидан анҳорлар оқиб турур. Аллоҳнинг ваъдаси шу! Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.
(21) Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбаълардан юритиб қўйганини кўрмадингми?! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқарур. Кейин у қурийдир. Бас, уни сарғайган ҳолида кўрарсан. Сўнгра уни қуруқ чўпга айлантирур. Албаттта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир.