(54) Агар ҳар бир зулм қилган жонга ер юзидаги ҳамма нарса берилсаю уни фидо қилса ҳам. Азобни кўрганларида ичларида надомат чексалар ҳам. Улар ўртасида адолат ила ҳукм чиқарилур. Уларга зулм қилинмас.
(55) Огоҳ бўлинг! Осмонлару ердаги нарсалар, албатта, Аллоҳникидир. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг ваъдаси, албатта, ҳақдир. Лекин кўплари билмаслар.
(56) У тирилтирадир ва ўлдирадир ва Унгагина қайтарилурсизлар.
(57) Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди. (Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг. У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.)
(58) Сен: «Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт. (Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.)
(59) Сен: «Аллоҳ сизга нозил қилган ризқдан хабар беринг-чи! Уни ҳаром ва ҳалол қилиб олдингиз!» деб айт. Сен: «Аллоҳ сизга изн бердими ёки Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпсизми?» деб айт.
(60) Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиётганларнинг қиёмат куни ҳақида нима гумонлари бор? Албатта, Аллоҳ одамлар учун фазл эгасидир. Лекин кўплари шукр қилмаслар.
(61) Қайси ҳолда бўлсанг, Қуръондан нимани тиловат этсанг, ишлардан қай бирини қилсанг, албатта, биз ўшанга киришаётган пайтингларда сизларга гувоҳмиз. На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Роббингдан махфий бўла олмас, балки очиқ-ойдин китобдадир. (Аллоҳ нафақат кўради ёки билади, балки унга гувоҳ бўлади ва очиқ-ойдин китобга ёзиб ҳам қўяди. Шундай бўлгандан кейин, дунёда энг катта гуноҳни қилганларнинг–Аллоҳ таологагина хос бўлган ҳаққа тажовуз этиб, унинг шаънига ёлғон тўқиб, берган ризқининг баъзисини ҳаром, баъзисини ҳалол деганларнинг гуноҳи махфий бўлиб қолармиди? Аллоҳ гувоҳ бўлиб турибди, очиқ-ойдин китобга ёзилиб турибди, деган эътиқод билан яшаб, Аллоҳга ихлос ила эътиқод ва бандалик қилганларнинг бирор амали зое бўлармиди? Албатта, йўқ. Ҳаммаси ҳисобга олинади ва мукофоти берилади.)