(24) Улар: «Эй Мусо, модомики улар бор экан, биз зинҳор ва зинҳор у ерга кирмаймиз. Сен ўзинг Роббинг ила бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар. Биз бу ерда ўтириб турувчимиз», дедилар. (Қўрқоқликнинг оқибати шу-да. Демак, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг Робби, Бани Исроилнинг Робби эмас экан-да. Қўрқоқ бўлгандан кейин ҳол шу. Ҳамма нарсадан, ҳатто ақидадан ҳам воз кечиб юбораверилади.)
(25) У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзим ва биродаримдан бошқага эга эмасман. Ўзинг биз билан фосиқ қавмнинг орасини ажратгин», деди.
(26) У зот: «Албатта, бу ер уларга қирқ йилгача ҳаромдир. Улар ер юзида ҳайрон бўлиб юрарлар. Фосиқ қавмлар учун хафа бўлма», деди. (Бани Исроилнинг бу қилмиши учун, яъни, Аллоҳнинг амрига итоат этмагани–Муқаддас ерга кирмагани учун, Аллоҳ уларга бу муқаддас ерга киришни қирқ йилгача ҳаром қилиб қўйди. Тафсирчиларимизнинг айтишларича, яҳудийлар бу муддатда Сийно ярим оролидаги саҳрода 270 фарсаҳлик жойдан ташқарига чиқа олмай, адашиб, ҳайрон бўлиб, бир борган жойга қайта-қайта бориб юравердилар. Ана шундай ҳайронлик ва сарсон-саргардонликда қирқ йил юрдилар. Бу даврда мазкур гуноҳни содир этган, нобакор авлод ўлиб битди. Саҳрода ўсган янги авлод пайдо бўлди. Яъни, Аллоҳ тайин қилган муддат тугагунча аввалгилар муқаддас ерга кира олмай ўлиб кетдилар.)
(27) Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», деди. Бириси: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир.
(28) Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман. Мен, албатта, оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман.
(29) Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди.
(30) Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди.
(31) Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди. (Ояти кариманинг сиёқидан кўриниб турибдики, қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин нима қиларини билмай қолган. Ўликни кўмиш кераклиги хаёлига келмаган. Чунки аввал ўлик бўлмаган. Бу ер юзидаги биринчи ўлик эди. Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг олдида урушиб, бири иккинчисини ўлдирган. Сўнгра қотил қарға ўлган қарғани ерни кавлаб кўмган.)