(73) Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди. (Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Пашша жуда заиф, ҳақир жон. Аммо, у сабаб бўлиб баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган. «Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди». Яъни, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.)
(74) Улар Аллоҳнинг қадрини жойига қўймадилар. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир. (Яъни, улар ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига эътиқод қилишлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим эди. Аммо улар Аллоҳнинг қадрини билмадилар, унга ширк келтирдилар, Ундан ўзгаларга топиндилар.)
(75) Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан Пайғамбарлар танлар. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва кўргувчидир.
(76) У зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсани билур. Барча ишлар ёлғиз Аллоҳгагина қайтарилур.
(77) Эй иймон келтирганлар! Рукуъ, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки нажот топсангиз.
(78) Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақ жиҳод қилингиз. У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади. Бу отангиз Иброҳимнинг миллати. У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун мусулмонлар деб номлади. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг хожангиздир. Бас, У зот қандай ҳам яхши хожа ва қандай ҳам яхши нусрат бергувчи. (Суранинг охиридаги ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Ислом умматига нидо қилмоқда. Бу нидо мусулмонларга энг маҳбуб мурожаат билан «Эй иймон келтирганлар», деб бошламоқда. Бу нидо ўзидан кейин келадиган амрларни алоҳида кўтаринки руҳда адо этишга ундайди. Ундан кейин келаётган амрлар эса, рукуъ, сажда қилмоқликдир.)